Ссылки доступа

Ўзбекистонда барча газ “заправка”лар очилади


7 март кунидан бошлаб Ўзбекистондаги барча газ “заправка”лар очилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаев маълум қилди.

“Табиий газ босимининг меъёрий схемага қайтгани муносабати билан бугундан эътиборан мамлакатимиздаги барча автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари очилади”, дейди у.

Айни пайтда Фарғона водийсига газ таъминотини нормаллаштириш бўйича жадал ишлар олиб борилмоқда. Ушбу ишларни яқин вақт ичида якунлаш режалаштирилган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.

Бугун, эрталаб соат 9:00 дан бошлаб шаҳарлараро йўналишлар бўйлаб, шунингдек аксарият ҳудудларда газ қуйиш шохобчалари одатий иш режмида ишлай бошлади. Айни пайтда Тошкент, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида газ босими меъёри пастлиги боис, ушбу вилоятлардаги газ қуйиш шохобчаларида вақтинчалик чекловлар сақланиб турибди.

«Автомобил ҳайдовчиларига ушбу вазиятни тушунганликлари учун миннатдорчилик билдирамиз ва иложи бўлса, зарур ҳолларда муқобил ёқилғи тури – АИ-80 бензини ёки бошқа маркалардан фойдаланиб туришларини сўраймиз», дейилади хабарда.

Қайд этилишича, эртага эрталабдан бошлаб республикадаги барча газ қуйиш шохобчалари одатий иш режимида ишлай бошлайди.

Эслатиб ўтамиз, 18 февраль куни республика ҳудудларида ҳаво ҳароратининг пасайиши оқибатида магистраль газ қувурларида босимнинг камайиши ҳолатлари кузатилаётганини инобатга олган ҳолда барча автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) фаолиятига қисқа муддатли чекловлар киритилганди. 22 февралдан бошлаб Ўзбекистондаги метан “заправка”лар фаолиятига қўйилган чекловлар босқичма-босқич олиб ташланиши айтилди.

XS
SM
MD
LG