Жўқорғу Кенеш депутати Султонбай Аиджигитов ялпи мажлисда ҳукуматдан Тожикистонда жосусликда айбланиб қамалган қирғизга ҳуқуқий ёрдам беришни талаб қилди.
“Тожикистоннинг собиқ фуқароси, Қирғизистон фуқаролигини олган Қубатбек Йўлдошев Тожикистоннинг Исфара шаҳридаги ота-онасини кўришга 2022 йилда борган эди. Тўсатдан чегарада можаро бошланиб қолганда тожик махсус хизматлари уни "жосуслик"да айблаб, ҳибсга олган. Суд уни 13 йилга озодликдан маҳрум қилган, шундан икки йилини ўтаб бўлди. Йўлдошевнинг жосусликка ҳеч қандай алоқаси йўқ, у шунчаки чегарадаги воқеалар қурбонига айланди. Ташқи ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва Омбудсмандан унга ёрдам беришларини сўрайман”, деди Султонбай Айжигитов.
Жўқорғу Кенеш спикери ўринбосари Нурбек Сидигалиев мутасаддиларга ушбу масала билан шуғулланиш бўйича топшириқ берди.
2021 йилда Тожикистоннинг Сўғд вилоятида Қирғизистоннинг 39 фуқароси чегарани ноқонуний кесиб ўтганликда айбланиб судланган эди.
2022 йилдаги маълумотларга кўра, Қирғизистоннинг 13 фуқароси Тожикистон қамоқхоналарида жазо ўтаётган эди. Қирғизистон Бош прокуратураси уларнинг икки нафари умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганини маълум қилган.
2022 йил июль ойида 11 нафар қирғиз Тожикистон қамоқхонасидан озод қилинган ва Қирғизистонга қайтарилган. Улар Қирғизистонда ҳибсга олинган 11 нафар тожикистонликларга алмаштирилган.
Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара тўлиқ демаркация қилинмагани боис икки давлат ўртасида вақти-вақти билан тўқнашувлар бўлиб туради. Шулардан энг йириги 2021 йил апрель-май ва 2022 йил сентябрь ойларида қайд этилган.
Қирғизистон парламенти Тожикистонда жосусликда айбланган қирғизга ёрдам берилишини сўрамоқда
2022 йилдаги маълумотларга кўра, Қирғизистоннинг 13 фуқароси Тожикистон қамоқхоналарида жазо ўтаётган эди.