Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг айтишича, сўнгги уч йилда 24 нафар Тожикистон фуқароси 10 та давлатда террорчилик ҳаракатларини содир этган. Бу ҳақда у 9 март куни Рамазон ойи арафасида жамоатчилик вакиллари билан учрашувда маълум қилди.
“Бу терактлар, ёшларимизнинг билимсизлиги ва тажрибасизлигидан фойдаланаётган, айрим мамлакатлардаги манфаатдор гуруҳлар ва махсус хизматлар томонидан ишлаб чиқилмоқда”, деб ҳисоблайди президент.
Тожикистонда сўнгги йилларда диний эркинлик чекланаётгани кўп танқид қилинмоқда, бироқ президент мамлакатда тожикистонликларнинг барча ҳуқуқлари, жумладан виждон эркинлиги борасида ҳуқуқлари тўлиқ таъминланганини иддао қилган.
Жумладан, Раҳмон шундай деди: “Тожикистон ҳукуматининг 32 йиллик диний соҳадаги сиёсатининг таҳлили демократик ва дунёвий давлатимиз виждон эркинлигини таъминлаш йўлида барқарор қадамлар ташлаб, ўз тарихий вазифа ва миссиясини керакли даражада бажараётганидан далолатдир".
Бироқ ҳуқуқбонлар бу соҳада тобора кўпроқ чекловлар жорий этилаётганини қайд этмоқда. Хусусан, HRW инсон ҳуқуқлари ташкилотининг энг сўнгги ҳисоботида диний озчилик бўлмиш исмоилийларга бўлган тақиқлар танқид қилинган. Тоғли Бадахшон автоном округида кенг тарқалган исмоилийларга хусусий уйларда жамоат билан намоз ўқиш, исмоилий марказларига эса 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларга динни ўргатиш тақиқланган.
Уч йилда 24 тожикистонлик ўнта давлатда теракт уюштирган– Раҳмон
Раҳмоннинг фикрича, Тожикистон ҳукумати виждон эркинлигини таъминлаш йўлида барқарор қадамлар ташлаб, ўз тарихий вазифа ва миссиясини керакли даражада бажармоқда.