БМТ инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бўйича махсус маърузачиси Мери Лоулор тожик ҳукуматидан фуқаролик фаолларига душман эмас, иттифоқчи сифатида қарашга чақирди.
Ўтган йили Тожикистонда 700 та жамоат ташкилотининг фаолияти тўхтатилган эди.
“Ушбу жамоат ташкилотларининг тугатилиши Тожикистонда фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан боғлиқ вазият ёмонлашганидан далолатдир”, дейди Мери Лоулор.
Тожикистон БМТ махсус маърузачисининг танқидига изоҳ бермаган, бироқ аввалроқ ҳукумат жамоат ташкилотлари амалдаги қонунчиликка риоя қилмагани учун тугатилганини айтган эди.
Лоулорнинг таъкидлашича, ушбу ташкилотларнинг айримлари 20 йилдан ортиқ фаолият юритаётган эди ва уларнинг тугатилиши қийноқлар, гендер зўравонлик, ногиронлар ҳимояси каби нозик мавзуларда катта бўшлиқни ҳосил қилган.
БМТ экспертининг фикрича, бошқаларнинг ҳуқуқлари учун курашаётганларга нисбатан босим ҳам ортиб бормоқда.
“Ҳуқуқ ҳимоячиларининг аҳволи ёмонлашган. Адвокатлар, журналистлар ва бошқалар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилганликлари учун нишонга олинади. Улар оғир маъмурий жазолардан тортиб, таъқиб қилиш, таҳдид қилиш, ёпиқ адолатсиз суд жараёнлари ва қамоққа олишгача бўлган қатор тазийқларга дуч келмоқда”, дейди махсус маърузачи.
Фуқаролик жамиятига босим Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги 2022 йилдаги норозилик намойишлари ортидан кучайган.
Мэри Лоулор Тожикистон ҳукумати ўз халқаро мажбуриятларини бажариши ва ҳуқуқ ҳимоячилари билан ҳамкорлик қилиши кераклигини таъкидламоқда.