Ссылки доступа

Мариупол қамали ҳақидаги Украина фильми «Оскар» олди

Бу Украина фильми муаллифларига берилган тарихдаги биринчи «Оскар»дир.

Украиналик режиссёр Мстислав Черновнинг "Мариуполда 20 кун" фильми «Энг яхши тўлиқ метражли ҳужжатли фильм» номинациясида «Оскар»га сазовор бўлди. Бу Украина фильми муаллифларига берилган тарихдаги биринчи «Оскар»дир.

"Мен бу фильмни ҳеч қачон суратга олмасам эди.Мен ушбу «Оскар»ни Россия ҳеч қачон Украинага бостириб кирмаслигига, украин шаҳарларини ер билан яксон қилмаслигига, Россия менинг ватандошларимни ўлдирмаслигига алишардим", деди Мстислав Чернов маросимда.

“Мариуполда 20 кун” фильми муаллифлари режиссёр Мстислав Чернов, фотограф Евгений Малолетка ва продюсер Василиса Степаненкодир. Улар Россиянинг Мариуполга ҳужуми пайтида шаҳарда қолган охирги журналистлар сифатида у ердаги воқеаларни ҳужжатлаштирган.

«Оскар» мукофоти олдидан Мариупол қамалига оид қатор журналистик материаллари учун Евгений Малолетка, Мстислав Чернов, Василиса Степаненко Шевченко мукофотига ҳам сазовор бўлганди. Шунингдек, фильм ва унинг муаллифлари бир қанча халқаро мукофотларга сазовор бўлган.

АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида 96-Оскар тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Энг яхши фильм деб «Оппенҳаймер» топилди. Фильм маросимда жами 7 та «Оскар» олди.

Ушбу фильмда бош ролни ижро этган Киллиан Мёрфи энг яхши актёр сифатида биринчи «Оскар»ини олди.

Энг яхши актриса эса «Камбағаллар-бахтсизлар» фильмида ўйнаган Эмма Стоун бўлди.

XS
SM
MD
LG