Ссылки доступа

Остона ва Боку Қозоғистон нефти транзити ҳажмини босқичма-босқич ошириш бўйича келишув имзолади


Россиянинг Украинага босқинидан сўнг Озарбайжон Европага нефть экспортини оширишга ваъда қилганди.

Қосим-Жомарт Тоқаев ҳамда Илҳом Алиев Озарбайжон орқали Қозоғистон нефти транзити ҳажмини босқичма-босқич ошириш бўйича келишув имзолади. Келишувга Қозоғистон президентининг Озарбайжонга давлат ташрифи давомида эришилган.

Тоқаев сафар арафасида Озарбайжоннинг АПА ахборот агентлиги берган интервьюсида Транскаспий халқаро транспорт йўналишининг (ТХТЙ) аҳамиятини алоҳида урғулаган эди. ТХТЙ товарларни Хитойдан Европага Марказий Осиё, Кавказ ва Туркия орқали ташиш йўналиши бўлиб, Россияни четлаб ўтади. Бу йўналиш ҳам Суец каналига, ҳам Хитойдан Россия орқали Европага мол ташиш йўналишига муҳим муқобил йўлакдир.

Токаев таъкидлашича, Қозоғистон ва Озарбайжон ҳозирда бутун минтақа учун муҳим бўлган қатор лойиҳалар устида ишламоқда. ТХТЙ (Ўрта йўлак) ўтказиш имкониятини кенгайтириш, Каспий денгизи туби бўйлаб оптик толали алоқа линияси ва энергия кабелини ётқизиш ҳамда Озарбайжон орқали нефть ва уран экспорт қилиш шулар қаторидандир.

Қозоғистон раҳбарининг сўзларига кўра, ТХТЙ бўйича юк ташиш ҳажми 2022 йилда икки баробарга, 2023 йилда эса яна 65 фоизга ошиб, 2,7 миллион тоннага етган.

2022 йилдаги Россиянинг Украинага босқинидан сўнг Озарбайжон Европага нефть экспортини оширишга рози бўлди. Ўша йилнинг декабрь ойидан Қозоғистон Ғарб мамлакатларига сотадиган уранни ТХТЙ орқали экспорт қила бошлади.

XS
SM
MD
LG