Қатор давлатлардаги журналистлар Бишкекда ҳибсга олинган 11 нафар ҳамкасбини озод этилиши учун кампания бошлади.
11 март куни Братиславадаги Яна Куцяка суриштирув маркази Чехия, Словакия, Полша, Венгрия ва Эстония журналистларининг бу ҳақидаги видеомурожаатини эълон қилди.
Улар Қирғизистонда сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият сўнгги йилларда кескин ёмонлашганини айтмоқдалар.
Акцияга Қозоғистон ва Арманистон журналистлари ҳам қўшилган.
17 январь куни полиция "Айт, айт десе" ва "Темиров LIVE" лойиҳаларида, “Арча Медиа” ва «ПолитКлиника» нашрларида ишлаган 11 журналистни ҳибсга олди. Улар “оммавий тартибсизликларга чақириқ”ларда айбланмоқда. Қатор халқаро ва маҳаллий ташкилотлар ҳукуматдан журналистларни озод қилишни сўраган.
Қирғизистоннинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари билан боғлиқ халқаро рейтинглардаги ўрни кескин пасайиб кетмоқда. Бироқ, Қирғизистон расмийлари мамлакатда сўз эркинлиги гуллаб-яшнаётганини иддао қилмоқда.