Суднинг янгиланган ҳайъати тўғрисида ХЖС сайтида эълон қилинган. Ҳайъат аъзолари уч йилга сайланади.
Аканэ ва Сальваторе 2023 йилнинг март ойида Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ордер берган эди.
ХЖС Путинни ҳарбий жиноятларни содир этганликда – Украинанинг ишғол этилган ҳудудларидан аҳолини (шу жумладан болаларни) куч билан депортация қилганлик ва кўчирганликда гумонламоқда. Бу халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра геноцид ўлароқ баҳоланиши мумкин.
Суд сайтида Путин одамларнинг мажбуран кўчирилиши учун шахсан жавобгар деб ҳисоблашга асослар бор экани қайд этилган.
Россия Халқаро жиноят суди юрисдикциясини тан олмайди ва унинг фаолиятида иштирок этмайди. Москва 2016 йилдан буён ХЖС фаолиятини белгиловчи Рим статути иштирокчиси бўлиб ҳисобланмайди. Ўз навбатида, суд ҳам, агар гап ҳарбий жиноятлар тергови ва бу каби жиноятлар учун таъқиб ҳақида борган пайтда, давлат раҳбарлари дахлсизлигини тан олмайди.
Айни пайтда суд томонидан берилган ордер ортидан Путин Рим статутини ратификация қилган ҳамда Ҳаагадаги халқаро суд юрисдикциясини тан оладиган 123 та давлат ҳудудига кира олмайди. Россия президенти бу давлатлардан бирига борган тақдирда, маҳаллий расмийлар ўз зиммаларига олган халқаро мажбуриятлардан келиб чиққан ҳолда уни ҳибсга олишлари шарт бўлади.
Ўзбекистон Рим статутини 2000 йилнинг 29 декабрида имзолаган, бироқ ратификация қилган эмас.
Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ордер берган судья Халқаро жиноят судини раҳбари этиб сайланди

Ҳаагада жойлашган Халқаро жиноят судининг (ХЖС) раиси этиб судья Томоко Аканэ, унинг ўринбосарлари этиб Розарио Сальваторе ва Рейн Алапини-Гансу сайланди.