Ўзбекистон 2023 йил 7 октябрдан Қозоғистон орқали Россия газини импорт қилишни бошлади. UzGasTrade ва «Газпром» ўртасидаги келишувга кўра, кунлик етказиб бериш ҳажми 9 млн кубометрни, йиллик ҳажм эса 2,8 млрд куб метрни ташкил қилади. Ушбу ҳажм тахминан 448 млн долларга тушади.
Аввалроқ Энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов Россиянинг барча гази ички бозорга йўналтирилишини маълум қилганди, бунда давлат корхоналари ва бюджет ташкилотлари учун тариф 1 октябрдан бошлаб 1000 сўмга, юридик шахслар учун эса 900 сўмга кўтарилганди. Аҳоли учун тариф 2019 йилдан бери ўзгаришсиз қолмоқда — 330 сўм.
«Коммерсантъ» маълумотларига кўра, Ўзбекистонга етказиб берилаётган маҳсулот нархи Туркияга (1000 куб метр учун тахминан 270−280 доллар) ва Хитойга (260−270 доллар) ўртача сотув нархидан анча паст. Шунга қарамай, жорий нарх «Газпром»га 1000 куб метрдан 20−22 доллар фойда олиш имконини беради, дея қайд этган Энергетика ва молия институти вакили Сергей Кондратьев.
Россия газининг Қозоғистон орқали Ўзбекистонга транзитини 2026 йилдан бошлаб жорий 3 млрд куб метрдан йилига 11 млрд куб метргача ошириш режалаштирилмоқда, дея хабар берди «ТАСС» Қозоғистон энергетика вазирлигига таяниб.
«Газпром» раҳбари Алексей Миллернинг айтишича, 2024 йил ўрталарига қадар Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон 15 йил давомида газ етказиб бериш ва транзит бўйича ҳамкорлик мажбуриятларини белгилашни режалаштирмоқда.
Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон ҳукумати «шимолдан» газ импорти ҳажмини ошириш учун магистрал газ тизимини 500 млн долларга модернизация қилмоқчи. Ҳозирда Ўзбекистон бу йўналиш орқали Россия газини олмоқда. Етказиб бериш ҳажмини кунига 9 млн кубометрдан 32 млн куб метргача ошириш режалаштирилган.
2023 йилнинг октябрида Россия газини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказиб бериш бошлангани хабар қилинганди. Аммо шу кунгача мазкур келишув тафсилотлари сирлигича қолмоқда.
Расмий Тошкент “Газпром” билан июнь ойи ўртасида Ўзбекистонга табиий газ етказиб бериш бўйича икки йиллик шартнома имзолагани хабар қилинганди. Шартномага асосан, Россиядан табиий газ Қозоғистон орқали “Ўрта Осиё – Марказ” қувури орқали узатилиши, етказиб берилажак газ ҳажми йилига тақрибан 2,8 миллиард куб метрни ташкил этиши айтилган.
Ўзбекистон энергетика вазирлиги ҳам 19 июнда тарқатган расмий билдирувида Россиядан 2 миллиард 800 миллион кубометр, кунига 9 миллион кубометр газ сотиб олинишини маълум қилган эди. Вазирликка кўра, бу “газга бўлган эҳтиёжни қисман қоплайди”.
Аммо шу кунгача Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари газ нархи ҳақида маълумот бермаган. Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Россиядан сотиб олинаётган газ нархи бўйича жамоатчиликка маълумот берилмаслигини ва газ нархи сир сақланишини айтган. Вазирга кўра, “миллий манфаатлар, бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб, рақобатбардош нарх белгиланган”.