Бишкек туман суди январда ҳибсга олинган 11 нафар журналистдан 8 нафарини яна икки ойга ҳибсда қолдирди. Суднинг қарорига кўра, журналистлар 13 майгача Бишкекдаги изоляторда сақланади. Уч нафар журналист уй қамоғига ўтказилди.
Ушбу журналистларнинг барчаси журналистик суриштирувларга ихтисослашган Temirov Live лойиҳасининг амалдаги ва собиқ ходими бўлган. Улар 16 январь куни ҳибсга олинган эди.
Журналистлар “ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик" ва "оммавий тартибсизликларга чақириш”да айбланмоқда. Улар суд томонидан айбдор деб топилган тақдирда 8 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
19 январь куни Президент Садир Жапаров Қирғизистонда журналистлар оммавий тартибда ҳибсга олинаётгани, қатор таҳририятларда тинтув ўтказилаётгани борасида изоҳ берар экан, ҳибсга олинганлар “профессионал журналист эмас”лигини ва улар “ижтимоий тармоқларда турли маълумотларни эълон қилиб, мамлакат хавфсизлигига таҳдид солаётганини” айтган.
Қирғизистон 2023 йилда матбуот эркинлиги бўйича халқаро рейтингда 50 поғонага пастлаб кетган. 2022 йилда Қирғизистон матбуот ва сўз эркинлиги рейтингида 72-ўринда бўлган, 2023 йилда эса 122-ўринга тушиб қолган.
Уч нафар журналист уй қамоғига ўтказилди.