Мазкур қонун, хусусан, санкция остига тушган активларни мусодара этиш жараёнини ҳам жўнлаштириши айтилмоқда.
Янги қонунда санкциялар бузилиши деган нималар тушунилишидан баҳс этилган ҳамда унда санкцияларни бузганлик учун қандай жазолар қўлланилиши баён қилинган. Санкцияларнинг қасдан бузилишидан ташқари қонунда қурол-аслаҳа ёки қўш мақсадда фойдаланиш мумкин товарлар савдоси бўйича ҳам жиноий жавобгарлик кўзда тутилган.
Қонун қабул қилинганидан кейин ЕИга аъзо давлатлар умумий тартиб-таомилга мувофиқ бўлган миллий қонунларни қабул қилишлари лозим бўлади. Уларда санкцияларни айланиб ўтиш 5 йилдан кўпроққа озодликдан маҳрум этиш шаклидаги жиноий жавобгарликка асос бўлиши кўрсатилиши лозим. Қонунларда санкцияларни айланиб ўтишдан топилган даромадни мусодара этиш ва бунинг учун турли воситаларни ишга солиш кўзда тутилган бўлиши шарт.
Бу ҳолат санкцияларни айланиб ўтишга уринишда фойдаланилаётган активларга ҳам тегишлидир. Бу меъёр, хусусан, ЕИ давлатларига санкцияларни айланиб ўтишга уринганликда гумонланган россиялик тадбиркорлар ва ширкатлар мол-мулкини мусодара этиш имконини беради.
Россия қўшинлари Украинага бостириб кирган 2022 йил февралидан кейин Россия иқтисодиёти, бизнеси ва фуқароларига қарши ўндан ортиқ санкция пакетини қабул қилган.
Санкцияларни айланиб ўтиш бўйича қонун қабул қилинишидан мақсад Москва ва россиялик олигархларга қарши санкция босимини кучайтириш экани айтилган. Қонун европалик депутатлардан 543 нафари томонидан ёқланган, 45 нафар депутат унга қарши чиққан, 27 нафари эса овоз беришдан тийилган.