“Бундай нарсалар режа асосида амалга оширилишига шубҳа йўқ. Аммо мен аниқлик киритиб ўтмоқчиман: расмийлар ҳолатга баҳо бериб, текширув ўтказадилар ва умид қиламанки, айбдорларни топадилар. Ва мен бу ерда Путинга фақат битта гап айтмоқчиман: бу ерда сиздан ҳеч ким қўрқмайди”, дея билдирган Науседа.
Литва ташқи ишлар вазири Габриэлюс Ландсбергис ҳам Навальнийнинг сафдоши бўлган сиёсатчига қарши уюштирилган ҳужумга ўз муносабатини билдирган.
“Леонидга ҳужум тўғрисидаги хабар бизни шокка туширди. Тегишли идоралар ишлаяпти. Жиноятчилар ўз қилмишлари учун жавоб беришларига тўғри келади”, деб ёзган вазир Х ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали.
Полиция бош комиссари ўринбосари Саулюс Тамулявичюс LRTга жиноят бўйича бир неча тахмин илгари сурилаётганини айтган.
“Ҳозир судгача тергов бошлатилган ҳамда биз жиноят сабаби ва унга туртки бўлган жиҳатни аниқлаш учун қўлимиздан келган барча ишларни амалга оширмоқдамиз”, дея билдирган Тамулявичюс 13 март куни. Унинг айтишича, Волковга ҳужум қилган шахс ҳозирча топилган эмас.
АҚШнинг Литвадаги элчиси Кара Макдональд Волковга қарши уюштирилган ҳужумдан шокка тушганини билдирган.
“Унинг овозини ўчириш ва қўрқитишга қаратилган яқиндаги ҳаракатлардан кейин Леониднинг қатъияти ва жасорати кишини руҳлантиради. Навальний командаси Кремль қатағонлари ва шафқатсизлигига аввалда бўлгани каби очиқчасига қарши чиқмоқда”, деб ёзган америкалик дипломат X ижтимоий тармоғида.
12 март оқшомида Вильнюсда номаълум кишилар Алексей Навальнийнинг собиқ сафдоши, унинг штаблари тармоғи собиқ раҳбари Леонид Волковга ҳужум қилишган. Навальнийнинг собиқ матбуот котиби Кира Ярмишга кўра, Волковнинг “машинаси ойнасини болға билан уриб синдиришиб, юзига кўздан ёш сиздирувчи газ сепиб, кейин Леонидни болға билан ура бошлаганлар”. Ҳодиса ортидан Волков касалхонага етказилган. Бир неча соатдан кейин эса қўли гипсланган сиёсатчини касалхонадан чиқарганлар.
16 февраль куни Россия расмийлари Ямалдаги “Қутб бўриси” колониясида Алексей Навальний вафот этгани ҳақида хабар тарқатишган. Ўлим хулосасида мухолифатчининг табиий сабабларга кўра ўлгани айтилган. Сиёсатчининг тарафдорлари Навальний ўлдирилган, деган фикрдалар.