Ссылки доступа

Олмаотада қўлга олинган қорақалпоқ фаолига жиноий иш Варшавадаги анжумандан сўнг қўзғатилган

2023 йилнинг октябр ойида Варшавада бўлиб ўтган ЕХҲТ конференциясида қорақалпоқ фаоллари Қорақалпоғистондаги воқеалар ҳақида чиқиш қилган.

Олмаотада қўлга олинган қорақалпоқ фаоли Ақилбек Муратовга (Ақилбек Муратбай) нисбатан жиноий иш ЕХҲТ конференциясида қорақалпоқ фаолларининг чиқиши билан боғлиқ. Бу ҳақда Муратовнинг синглиси Фариза Нарбекова маълум қилди.

2023 йилнинг октябр ойида Варшавада бўлиб ўтган ЕХҲТ конференциясида фаоллар Қорақалпоғистондаги воқеалар ҳақида чиқиш қилган. Уларнинг нутқини Ақилбек Муратбай ёзиб берган эди, дейди унинг синглиси.

Анжумандан икки ҳафта ўтиб Қорақалпоғистонда Муратбайга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Ақилбек Муратбай 15 февраль оқшомида Ўзбекистон сўровига кўра қўлга олинган эди. Полиция баёнотига мувофиқ, ҳозирда Қозоғистон Бош прокуратураси уни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш масаласини кўриб чиқмоқда. Аввалроқ суд уни уни 40 кунга ҳибсга олиш ҳақида ҳукм чиқарган эди. Ақилбек Муратбай Қозоғистондан бошпана сўраган. Бошпана сўровини маъқуллаш ҳақидаги қарорни прокуратура, МХҚ ва бошқа давлат органлари вакилларидан иборат комиссия беради. Комиссиянинг қарори қабул қилинмагунча, уни энди Қозоғистондан эстрадиция қилиш мумкин эмас.

Ақилбек Муратбай Ўзбекистон фуқаросидир, лекин оҳирги 10 йиллан бери у Қозоғистонда яшаб келмоқда ва Қозоғистондаги қорақалпоқ диаспорасининг етакчиси сифатида танилган.
У Қозоғистон ва халқаро ОАВ, Қозоғистон давлат идоралари ва Ўзбекистон консулхонаси билан фаол мулоқотда бўлган. Ўтган йил октябрида ОАВда махсус хизматлар Ақилбек Муратбайнинг Навоийдаги қариндошларидан бирини қўрқита бошлагани, Ўзбекистон бош консулининг маслаҳатчиси эса ундан қорақалпоқ муаммоси бўйича чиқишларидаги “оҳангни юмшатиш”ни сўрагани, бироқ Муратбай бу “тавсия”ни бажармагани ҳақида хабарлар тарқалган.

XS
SM
MD
LG