Қозоғистон ҳарбийлари Голан тепаликларидаги Фауар ҳарбий базага аллақачон етиб борди. Бу ҳақда 16 март куни Мудофаа вазирлигининг матбуот хизмати маълум қилди.
Аввалроқ Қозоғистон Қуролли Кучлари БМТ шафелигида Голан тепаликларида тинчликпарварлик миссиясини ўтказиши ҳақидаги англашув меморандуми Қозоғистон ҳукумати ва БМТ ўртасида имзоланган эди.
Голан тепаликлари Сурия ва Исроил ўртасидаги баҳсли ҳудуд ҳисобланади. 1967 йилгача у Суриянинг бир қисми бўлган; Олти кунлик уруш пайтида Исроил қўшинлари бу ҳудудни эгаллаб олган; Қиёмат куни урушидан кейин (1973) томонлар қўшинларни ажратиш тўғрисида битим тузганлар. 1974 йили Голан тепаликларида БМТ тинчликпарвар постлари пайдо бўлган. 1981 йили Кнессет (Исроил парламенти) ушбу ҳудудда яҳудий давлатининг суверенитетини бир томонлама эълон қилган қонунни қабул қилади. БМТ ва аксар давлатлар Исроилнинг Голан тепаликларидаги суверенитетини тан олмайди.
«Қозоғистон тинчликпарвар баталони» 2000 йили тузилган. 2003 йил август ойида 27 кишидан иборат «Казбат»нинг биринчи муҳандислик ва сапёр отряди Ироққа етиб келган. Беш йил давомида қозоқ тинчликпарвар кучлари 4 миллиондан ортиқ ўқ-дори ва портловчи мосламаларни зарарсизлантирган. Бу вақт давомида улар маҳаллий аҳолини ичимлик суви билан таъминлаганлар ва Қозоғистон Мудофаа вазирлиги сайтида кўрсатилганидек, муҳтожларга тиббий ёрдам кўрсатганлар.
2014 йилдан буён 60 нафарга яқин қозоғистонлик ҳарбий хизматчилар, жумладан, олти нафар аёл БМТнинг Кот-дъИвуар, Ғарбий Саҳро, Ливан, Марказий Африка Республикаси ва Малидаги миссияларида штаб офицерлари ва ҳарбий кузатувчилари сифатида қатнашган.
139 нафар ҳарбийдан иборат қозоқ тинчликпарвар кучлари Голан тепаликларида қарши томонлар оташкесим режимига амал қилишини таъминлаш бўйича вазифаларни бажаради.