Тожикистоннинг Бўстон шаҳарчасида давлат чегарасини аниқлаш устида биргаликда ишлаган топограф ишчи гуруҳлар Қирғизистон-Тожикистон давлат чегарасининг 10.76 километри бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамасининг матбуот хизмати хабар берди.
Навбатдаги учрашув энди Қирғизистоннинг ҳудудида ўтказилади.
Ўтган тўрт ой давомида қирғиз-тожик чегарасининг қарийб 196 километри бўйича келишувга эришилган. Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 5 февраль куни Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жеенбек Кулубоев билан учрашувда маълум қилишича, бугунги кунда икки давлат чегарасининг деярли 90 фоизини тавсифлаш ишлари якунланган. Чегаранинг қолган 10% масаласи ҳам баҳоргача ҳал этилиши айтилмоқда.
Қирғизистон-Тожикистон чегарасининг узунлиги 970-980 километрни ташкил қилади. 2022 йилгача бу чегаранинг 664 километри бўйича келишувга эришилган. Мазкур чегара ҳудуди минтақада энг нотинч ҳисобланади. 2021 йил ёзида, 2022 йил кузида икки давлат чегарачилари ўртасида бўлиб ўтган қисқа муддатли урушларда ҳар икки томондан ўнлаб киши ҳалок бўлган эди.
Икки давлат ўртасидаги чегара минтақада энг нотинч ҳисобланади.