Ссылки доступа

Назарбоевнинг жияни Самат Абишга шартли жазо берилди


Абиш фақат 2022 йилдаги январь воқеалари жараёнида мансаб ваколатларини суиистеъмол қилганликда айбдор деб топилган.

Қозоғистон Ички ишлар вазири Ержан Саденов 20 март куни Назарбоевнинг жияни Самат Абишга шартли жазо берилганини ва у пробацион назоратда эканлигини тасдиқлади.

2022 йилдаги январь воқеалари жараёнида мансаб ваколатларини суиистеъмол қилганликда айбланган Самат Абишга шартли жазо берилгани ҳақида илк бор 19 март куни "Ижтимоий позиция" газетаси маълум қилган эди.

“26 февраль куни Нурсултон Назарбоевнинг жияни, Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг собиқ биринчи ўринбосари Самат Абиш ёпиқ суд қарори билан саккиз йилга шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинган”, дейилади газета мақоласида. Мақоладан иқтибосни парламент депутати Эрмурат Бапи ўз ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида жойлаган.

Нашрнинг ўз манбаларига таяниб ёзишича, Самат Абиш генераллик унвони ва давлат мукофотларидан маҳрум қилинган, “лекин мол-мулки мусодара қилинмаган”.

Аввалроқ Бош прокуратура Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг собиқ биринчи ўринбосари Самат Абишга нисбатан терговга қадар текширувни якунлаб иш судга узатилганини маълум қилган эди.

Абиш фақат 2022 йилдаги январь воқеалари жараёнида мансаб ваколатларини суиистеъмол қилганликда айбланган. Прокуратура, "ишдаги асосий ҳужжатлар махфий эканлигини" рўкач қилиб, бошқа тафсилотларни ошкор қилмаган.

Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни Самат Абиш Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари вазифасидан 2020 йилдаги январь воқеаларидан сўнг озод қилинган.

43 ёшли Самат Абиш қўмита раисининг биринчи ўринбосари лавозимини 2015 йилдан бери эгаллаб турган эди, унгача қарийб уч йил раис ўринбосари бўлган. Абиш 2000 йилдан бери миллий хавфсизлик тизимида ишлаган.

Собиқ президентнинг укаси Сатибалди Назарбоевнинг ўғли бўлмиш Самат Абиш 2017 йилда амакиси – Нурсултон Назарбоев қўлидан генерал-лейтенант погонларини олган.

XS
SM
MD
LG