Ссылки доступа

Жапаров: Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш бўйича томонлар "ўзаро англашувга" эришдилар


Аввалроқ, Садир Жапаров темир йўл қурилиши келаси йили бошланиши мумкинлигини айтган эди. 

Томонлар “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўли қурилиши "лойиҳасини татбиқ этиш механизмлари борасида умумий англашувга эришган". Бу ҳақда Қирғизистон президенти Садир Жапаров "Хитой темир йўллари" ширкати раиси ўринбосари Ван Тунцзюн билан учрашувда маълум қилди.

Учрашув ҳақида хабар берган президент матбуот хизматининг хабар беришича, Жапаров Қирғизистон ушбу йўналиш бўйича темир йўлни қуришга жиддий киришганини ва яқин бир неча йилда уни қуриб битириш ниятида эканлигини айтган.

Аввалроқ, Қирғизистон ҳуқумати Қирғизистон ва Ўзбекистон Хитойдан темир йўлни қуришнинг "молиялаштирувининг оптимал усулларини" ҳамон муҳокама қилаётганини маълум қилган эди. Қирғиз ҳукуматининг раҳбари “техник-иқтисодий асосларни янгилаш деярли якунланганини” қайд этган.

Садир Жапаровнинг ўзи темир йўл қурилиши келаси йили бошланиши мумкинлигини айтган эди.

“Геосиёсат ўзгарди, иттифоқлар ўзгарди ва тўсиқлар пайдо бўлди. Биз пул излаяпмиз, Қозармонгача Хитой ўз томонида қурилиш ишларини бошлаб юборган, Қозармондан Жалолободгача, Ўзбекистон билан биргаликда молиялаштириш манбалари деярли аниқланган, қиш-баҳорда шу ишни якунласак, қурилишни келаси йили бошлашимиз мумкин”, деган Жапаров.

Октябрь ойида қирғиз расмийлари 311 километр узунликдаги темир йўл Қирғизистон ҳудудида “Торугарт – Қўш-Добо – Қозармон – Жалолобод” схемаси бўйича амалга оширилишини, лойиҳанинг дастлабки қиймати 4 миллиард 700 миллион долларни ташкил этишини билдирган эди.

“Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўли қурилиши бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим ўтган йил сентябрида Самарқандда ўтказилган ШҲТ саммити доирасида ҳам имзоланган эди. Ҳужжатда Қирғизистон ҳудудидаги темир йўл қурилиши лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича барча ишларни 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида якунлаш белгиланган эди.

XS
SM
MD
LG