Ссылки доступа

“Кампир-обод иши” бўйича 3 нафар айбланувчи озод этилди


Бу иш бўйича 27 нафар инсон “халқ тинчини бузишда”, шунингдек, “давлат тўнтариши” уюштиришга уринганликда айбланаётган эди.

“Кампир-обод иши” бўйича айбланувчиларнинг уч нафарига нисбатан тергов ҳаракатлари тўхтатилиб, улар озодликка қўйиб юборилган. Қолганларнинг иши судга оширилган. Бу ҳақда ҳибсда сақланаётган фаоллардан бири Илгиз Шаменов ўз Facebook саҳифасида маълум қилган.

Фаолнинг айтишича, Ўрозайим Нарматова, Талант Эшалиев ва Эмил Жайчиевга нисбатан жиноят иши тўхтатилган.

“Кампир-обод иши” доирасида 2022 йил октябрь ойида 27 киши ҳибсга олинган, улардан 9 нафари ҳибсда, қолганлари уй қамоғида сақланмоқда.

Ҳибсда Равшан Джеенбеков, Азимбек Бекназаров, Жениш Молдокматов, Айданбек Акматов, Марат Баязов, Кенешбек Дуйшебаев, Айбек Бузурманкулов, Ильгиз Шаменов ва Темир Махмудовлар қолмоқда.

Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров “Кампир-обод иши” бўйича тергов жараёнига бир неча бор изоҳ бериб, ҳибсга олинганлар “халқни тинчини бузгани”, шунингдек, “давлат тўнтариши” уюштиришга уринганини таъкидлаган.

“Кампир-обод иши” бўйича гумонланувчилар қирғиз-ўзбек чегарасида жойлашган Кампир-обод сув омбори ҳудудининг Ўзбекистонга ўтказилишига, ушбу объектни муҳофаза қилиш қўмитаси ташкил этилишига очиқдан-очиқ рози бўлмаганликларини билдиргач, ҳибсга олинган. Ушбу жиноий иш қўзғатилишига Бишкекдаги кафелардан бирида “Кампир-обод сув омборини муҳофаза қилиш қўмитаси” аъзоларининг йиғилишидан яширин тарзда олинган аудиоёзув асос бўлди.

XS
SM
MD
LG