Ссылки доступа

БМТ бошпана сўраган қорақалпоқ фаоллари масаласида Остонага мурожаат қилди


БМТ фаолларнинг иши “улар келиб чиққан мамлакатдаги долзарб сиёсий вазиятни эътиборга олган ҳолда" кўриб чиқилишини кафолатлашга чақирди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) Қозоғистондаги ваколатхонаси бошпана излаётган беш қорақалпоқ фаоли билан боғлиқ вазият юзасидан Остонага мурожаат қилди.

БМТнинг Қозоғистондаги доимий координаторининг офиси Остонадан бошпана сўраган қорақалпоқ фаолларининг иши халқаро ҳуқуқ тамойилларига мувофиқ ҳамда “улар келиб чиққан мамлакатдаги долзарб сиёсий вазиятни эътиборга олган ҳолда" кўриб чиқилишини кафолатлашга чақирди.

БМТ офисининг мурожаати маҳаллий ва халқаро ОАВларга юборилган.

Унда Ўзбекистоннинг талаби билан 2022 йилда ҳибсга олинган ва Қозоғистондан бошпана сўраган қорақалпоғистонлик фаоллар Жангелди Жақсимбетов, Раиса Худайбергенова, Зиуар Мирманбетова ва Тлеубике Йўлдошеваларга рад жавоби берилгани айтилмоқда. Фаоллар ҳозир ижроий ҳокимиятнинг қарори устидан судга мурожаат қилган.

Мактубда қайд этилишича, февраль ойида Олмаотада Ўзбекистон сўрови билан ҳибсга олинган фаол Оқилбек Муратов (Ақилбек Муратбай) ҳам Остонадан бошпана сўраган. Ҳозирда у тергов изоляторида сақланмоқда.

БМТ ваколатхонаси мактубида "бошпана бериш сиёсий бўлмаган инсонпарварлик акт" эканлигини айтилган. БМТ Қозоғистон ҳукуматидан "ирқи, дини, миллати, муайян ижтимоий гуруҳга мансублиги ёки сиёсий қарашлари сабабли ҳаёти ёки эркинлиги таҳдид остида бўлган бошқа давлат ҳудудига ҳеч қандай тарзда қайтарилмаслигини таъминлашга чақирилади.

Мурожаат нусхаси Оқилбек Муратбайнинг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида чоп этилган.

БМТнинг Қозоғистондаги доимий координаторининг офисининг мактуби 18 март куни Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига, Олий суд ва Бош прокуратураси каби қатор идораларга юборилган.

Қорақалпоғистонлик бошпана изловчилар билан боғлиқ вазиятни кузатаётган The Diplomat нашри ёзишича, Қозоғистон бошпана сўровларини асосан рад этиб келган.

XS
SM
MD
LG