Қирғизистонда "авторитет" Ўрозохун Саидазимовнинг турмуш ўртоғи қидирувга берилди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълум қилди.
Азим Рўй исми билан танилган Саидазимовнинг ўзи 2023 йил ноябрида қидирувга берилган эди. Азим Рўй Қирғизистон махсус хизматлари 4 октябрь куни Бишкекда отиб ўлдирган Қамчибек Колбаевнинг "чўқинтирган отаси" ҳисобланади.
Саидазимов ва унинг турмуш ўртоғи уюшган жиноий гуруҳ аъзоларини молиялаштириш ва жиноий даромадларни ювиш билан шуғулланганликда айбланмоқда.
Қирғизистонда туғилган Ўрозохун Саидазимов 1981 йилда ноқонуний ўқотар қурол ва наркотик моддаларни сақлашда айбланиб, етти йилга қамалган. У шунингдек Қирғизистон ССР Вазирлар Кенгашининг ўша пайтдаги раиси Султон Ибраимовни ўлдиришда ҳам айбланган, лекин айби судда исботланмаган.
Кейинчалик Ўрозохун Саидазимов АҚШга кўчиб кетган ва исмини Азим Ройга ўзгартирган.
Уюшган жиноятчилик ва коррупция тадқиқоти марказининг (OCCRP) 2022 йилдаги ҳисоботида Азим Рой “Россия ва Марказий Осиё жиноий оламига алоқадор тадбиркор” сифатида тилга олинган.
2022 йил сентябрида Kaktus.Media нашри Қирғизистон президенти Садир Жапаров, тадбиркор Азим Рой ва Жапаровнинг қудаси, Жўқорғу Кенеш депутати Оқилбек Тумонбоев биргаликда тушган расмни эълон қилганди. Сурат жамиятда кенг муҳокама қилинган, бироқ президент маъмурияти бу суратни изоҳсиз қолдирган.
Азим Рўй Қирғизистон махсус хизматлари 4 октябрь куни Бишкекда отиб ўлдирган Қамчибек Колбаевнинг "чўқинтирган отаси" ҳисобланади.