Ссылки доступа

Туркиядаги ўзбекистонликлар хавфсизлик чоралари кучайтирилгани ҳақида огоҳлантирилди


Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси бугунги кунда Туркияга кириш ва чиқиш чегара пунктларида ички ишлари органлари ходимлари томонидан мамлакатга келаётган хорижликларга нисбатан қатъий текширувлар амалга оширилаётганини маълум қилди.

«Ушбу амалиёт доирасида Истанбул халқаро аэропортида асосан 20-35 ёшдаги хорижликларга нисбатан назорат тадбирлари кучайтирилганлиги кузатилмоқда. Ўзининг хатти-ҳаракатлари билан шубҳа уйғотган шахслар билан миграция хизмати ходимлари томонидан суҳбат ўтказилиб, шахсий уяли телефонлари текширилиши ҳолатлари ҳам учрамоқда», – дейилади расмий хабарда.

Шунингдек, терроризм, одам савдоси ва бошқа жиноятларга алоқадорликда гумонланганлар, тақиқланган товарларни олиб ўтишга уринган шахслар «Туркияга кириши исталмаган йўловчи» сифатида баҳоланиб, Туркия ҳудудига киритилмасдан мамлакатига қайтариб юборилаётгани айтилмоқда.

Жорий йилнинг январь-февраль ойлари давомида Туркияга киритилмаган 163 нафар Ўзбекистон фуқароларидан 54 та нафари муқаддам Туркияга келиб, қонунбузарлик содир этиб киришига тақиқ қўйилганларни ташкил этган.

«Бу борада фуқароларимизнинг барча шикоят ва эътирозлари дипломатик каналлар орқали турк томонига етказилди ва хозирги кунда мутасадди ташкилотлар билан музокаралар олиб борилмоқда», – дейилади хабарда.

Ўзбекистон фуқароларидан маҳаллий қонунларга тўлиқ риоя этиш, олдин қонунбузарлик содир этиб депорт қилинган фуқаролардан эса Туркияга кириш тақиқи бор ёки йўқлигини дипломатик ваколатхоналардан билиш сўралмоқда.

Аввалроқ Россияда бўлиб турган ва ушбу мамлакатга сафар уюштиришни режалаштирган Ўзбекистон фуқаролари ҳам огоҳлантирилган эди.

XS
SM
MD
LG