Ссылки доступа

Рафиқасини ўлдиришда гумонланаётган собиқ вазир Бишимбаевни  ҳакамлар ҳайъати суд қилмоқда


Айби исботланса, собиқ вазир 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Рафиқасини ўлдиришда гумонланаётган собиқ иқтисодиёт вазири Бишимбаевнинг иши судда ҳакамлар ҳайъати иштирокида кўрилмоқда. Асосий суд муҳокамаси 27 март куни бошланди.

Ишни ҳакамлар ҳайъати кўриб чиқишини Бишимбаевнинг ўзи сўраган.

Бишимбаев қийнаш ва ўта шафқатсизлик билан қасддан одам ўлдиришда айбланмоқда. Суд муҳокамасида у бу айбловларни рад этиб, қасддан одам ўлдирмаганлигини иддао қилган.

Ушбу жиноий иш доирасида қамоққа олинган вазирнинг жияни жиноят ҳақида хабар бермаганлик ҳамда жиноятни яширганликда айбланмоқда.

Бишимбаевга тегишли ҳисобланган Остонадаги Гастро-марказ ресторанида Бишимбаев ва хотини Салтанат Нукенова ўртасида жанжал келиб чиққан, натижада аёл тан жароҳатларидан вафот этган.

Айби исботланса, собиқ вазир 15 йилдан 20 йилгача, ёки умрбод, озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Собиқ иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаев 2018 йилнинг март ойида коррупцияда айбланиб, 10 йилга қамалган эди. У Қизилўрда шаҳрида шиша заводини қуриш учун ажратилган миллиард тенгени ўзлаштиришда ҳамда қурувчилардан пора олишда айбланган. 2019 йил октябрь ойида Бишимбаев шартли озодликка чиққан эди.

43 ёшли Куандик Бишимбаев Назарбаев даврида ҳукуматда юқори лавозимларда ишлаган. Фаолиятини Нурсултон Назарбоевнинг ёрдамчиси сифатида бошлаган.

БМТ маълумотларига кўра, Қозоғистонда ҳар йили 400га яқин аёл турмуш ўртоғи томонидан ўлдирилади.

XS
SM
MD
LG