Россия синагогага ҳужум қилишга тайёргарликда гумонланиб ФСБ томонидан ўлдирилган қозоғистонлик Собит Аширалиев ва Жанибек Тасқуловнинг жасадлари ҳамон яқинларига топширилмаган. Бу ҳақда Озодликка уларнинг қариндошлари хабар берди.
“Янгилик йўқ. Кутишдан бошқа чорамиз йўқ”, деди Аширалиевнинг укаси.
“Агар айби бўлса, исботлашсин. Исботлаша олмаса ҳам, камида жасадини қайтаришсин”, дейди Жанибек Тасқуловнинг синглиси Айгерим.
Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Озодликка Аширалиев ва Тасқуловларнинг жасадларини Россиядан қайтариш масаласи Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХК) ваколатида эканини айтган.
7 март куни Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ИШИДнинг “Хуросон вилояти бўлинмаси" (кўплаб мамлакатларда, жумладан Қозоғистон ва Россияда тақиқланган ИШИДнинг Афғонистондаги қаноти – муҳ.) аъзоларини махсус амалиёт чоғида йўқ қилгани ҳақида хабар берди. Улар Қозоғистондан келиб Москвадаги синагогада теракт уюштирмоқчи бўлган, дейилади ФСБ баёнотида. Маълум қилинишича, Калуга вилоятида гумонланувчиларнинг яшаш жойидан ўқотар қуроллар ва қўлбола портловчи мослама бутловчи қисмлар топилган.
Кейинроқ Қозоғистон МХК амалиётда отиб ўлдирилганлар Қозоғистон фуқаролари Собит Аширалиев ва Жанибек Тасқулов бўлганини тасдиқлади.
Аширалиев ва Тасқуловнинг яқинлари улар террорчи бўлганига ишонмайди. Улар Қозоғистон президентига мурожаат қилиб, жасадларни Россиядан олиб келишда ёрдам сўраган.
Россияда ФСБ томонидан ўлдирилган икки қозоғистонликнинг жасади ҳамон яқинларига топширилмаган

Улар Қозоғистондан келиб Москвадаги синагогада теракт уюштирмоқчи бўлган, деб иддао қилган ФСБ.