Ссылки доступа

Алишер Хўжаев Кинематография агентлигига ишга ўтди


 Кинематография агентлиги директорининг янги ўринбосари Алишер Хўжаев
Кинематография агентлиги директорининг янги ўринбосари Алишер Хўжаев

Февраль ойи бошида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси лавозимидан бўшатилган Алишер Хўжаев бундан буёнги фаолиятини Кинематография агентлигида давом эттирадиган бўлди.

Маданият вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, 28 март куни у Тошкентдаги Киночилар уйида ўтказилган йиғилишда жамоага Кинематография агентлиги директори ўринбосари ўлароқ таништирилган.

МТРКни 18 йилдан кўпроқ вақт бошқарган Алишер Хўжаевнинг юлдузи 2000-йиллар бошида порлай бошлаган. У 2001–2002-йилларда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари, 2002–2005 йилларда эса Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги раҳбари ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Шу кунда ёши 60 дан ўтган Алишер Хўжаев даставвал МТРКга Ислом Каримов президентлиги даврида — 2005 йилнинг 13 апрелида раис этиб тайинланган, Мирзиёев илк бор президентликка сайланганидан икки ой ўтиб эса — 2017 йилнинг 2 февралида ишдан олинган эди.

Хўжаев биринчи марта раисликдан кетганидан кейин етти ой ичида МТРКда икки марта раҳбар (Хуршид Мирзоҳидов ва Бобур Алихонов) алмашган. 2017 йилнинг 29 августида Алишер Хўжаев яна МТРК раҳбари лавозимига қайтарилган. Жорий йилнинг 2 февралида МТРК раиси лавозимидан бўшатилган Хўжаевнинг ўрнига Абдурашид Жўрабоев тайинлангани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Янги иш жойида Фирдавс Абдуҳолиқовга муовинлик қиладиган Алишер Хўжаев Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповга қуда бўлиб ҳисобланади.

XS
SM
MD
LG