Ссылки доступа

Севастополда Россия қирувчи учоғи денгизга қулади


Россия томонидан аннексия қилинган Қрим яриморолидаги Севастополь шаҳрида ҳарбий учоқ денгизга қулаган.

Бу ҳақда Севастополга губернатор этиб тайинланган Михаил Развожаев Телеграм тармоғидаги ўз канали орқали маълум қилди. Гувоҳлар тасвирга олган видеоёзувларга қараганда, қулаган учоқ Су-35 ёки Су-27 бўлиши мумкин.

Учоқ қулашдан олдин ҳавода ёниб кетган. Развожаевга кўра, учоқ пилоти қутқарилган. Маҳаллий сув транспорти 20 дақиқага ҳаракатини тўхтатган.

Севастополда яшовчи россиялик ҳарбий блогер Борис Рожиннинг ўз Телеграм-каналида иддао қилишича, учоқ муҳтамалан “дўст ўқи”га нишон бўлгани учун ҳалокатга учраган. Россия Мудофаа вазирлиги ва Украина Қуролли кучлари ҳодиса юзасидан ҳали изоҳ берганларича йўқ. Учоқ ҳалокатига сабаб бўлган бошқа тахминлар орасида техник носозлик ва двигателга қуш киргани кабилар айтилмоқда.

Бир ўриндиқли Су-35 қирувчиси Россия армиясидаги энг замонавий учоқлардан бири бўлиб ҳисобланади. 2017 йилдан буён хизматда бўлган мазкур учоқдан шу кунда Россия, Хитой ва Эрон армиялари фойдаланиб келишади.

Россиядаги қатор манбалар денгизга қулаган учоқнинг нисбатан эски бўлган Су-27 қирувчиси бўлганини иддао қилишмоқда. Бу маълумот ҳам ҳали расман тасдиқланган эмас.

XS
SM
MD
LG