Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йил март ойида Ўзбекистонда 0,7 фоизлик инфляция қайд этилди.
Йиллик ҳисобдаги инфляция 7,89 фоизгача секинлашди, бу — 2016 йил май ойидан буён энг паст кўрсаткич (2016 йил май ойида 7,7 фоиз).
Март ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 0,8 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,5 фоизга, хизматлар нархи эса 0,7 фоизга ошди.
Ой давомида суякли мол гўшти (0,2 фоиз; ноябрдан бери кетма-кет пасайиш кузатилмоқда), қўй гўшти (0,1 фоиз), тухум (2,3 фоиз), кунгабоқар ёғи (1,1 фоиз) нархининг пасайиши кузатилди. Гуруч (0,9 фоиз), буғдой уни (0,9 фоиз), янги соғилган сут (2,6 фоиз), шакар (1,9 фоиз) нархлари эса кўтарилди.
Охирги ойда мева-сабзавот маҳсулотлари орасида булғор қалампири 23,9 фоизга, карам 8 фоизга, помидор 5,3 фоизга, лимон 4,9 фоизга, бақлажон 4,7 фоизга қимматлашди. Апельсин 5,1 фоизга, банан 4,6 фоизга арзонлади.
Март ойида алкоголли ичимликлар нархи 0,8 фоизга, тамаки маҳсулотлариники 0,5 фоизга кўтарилди.
Темирйўл транспорти хизматлари нархида кузатиладиган йўналишлар бўйича узоқ масофага қатнайдиган поездлар чиптаси нархларининг ошиши ҳисобига ўсиш кузатилди. Халқаро йўналишда кузатиладиган авиаташувлар ой давомида ўртача 2,9 фоизга, ички йўналишда 1,8 фоизга қимматлашди.