Бош прокуратурага кўра, 29 март куни шаҳарнинг «Қўшхона» маҳалласида яшовчи У.Ш. Damas автомобилида кетаётганда ўзига олдиндан таниш бўлган бошқа бир шахсни кўриб қолиб, биргаликда кафега борган ва спиртли ичимлик истеъмол қилган. Улар бир соатлардан сўнг кафедан чиқиб Тўра Авлоқуловни кўриб қолган ва уни ҳам автомашинага миндириб, бошқа кафега борган.
Фуқаролар кафеда пулни тўлаш устида тортишиб қолган. Шунда У.Ш. таниши Тўра Авлоқуловга йўлда келаётган пайтда 50 минг сўм пул бергани, шу боис овқатланиш харажатини тўлиқ тўлашини айтган. У ҳамма пулни тўламаслигини билдириб, олган 50 минг сўм пулини қайтариб берган. У.Ш. пулни олмасдан, унга жаҳл қилиб, автомобилидан қўлбола усулда ясалган қуролни олиб, шеригининг бошига бир марта ўқ узган ва ҳодиса жойидан кетиб қолган.
Натижада, Т.А. олган тан жароҳатлари натижасида Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмаси шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига ётқизилган.
У.Ш. ҳодиса жойидан қочмоқчи бўлиб, автомашинаси билан кетаётганида ҳодиса жойидан тахминан 500 метр узоқликда туман ИИБ тезкор ходимлари томонидан тўхтатиб қолинган.
Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмасининг 29 мартдаги маълумотномасида Т.А.нинг танасида оғир очиқ тешиб ўтувчи бош мия жароҳати, бош мия ичидаги металл ва суяк парчалари, чап пешона суягининг парчаланиб синган жароҳати, чап қош устида эзилиб йиртилган кўринишида тан жароҳатлари борлиги, аҳволи ўта оғир даражада эканлиги қайд этилган. Шифокорлар томонидан кўрсатилган зарур тиббий ёрдамга қарамасдан жабрланувчи Т.Авлоқулов 31 март куни вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Шаҳрисабз тумани прокуратураси томонидан У.Ш.га нисбатан ЖКнинг 25,97-моддаси 2-қисми “д, л” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.