Ссылки доступа

Сирдарёда эркак хотинини ва қайнонасини пичоқлаб ўлдирди


Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг ҳукми билан икки нафар одамни қасддан ўлдирган муқаддам судланган шахсга 24 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Сирдарё вилояти судлари хабарига кўра, судланувчи эркак воқеа содир бўлган куни ўзи ишлайдиган дўкон ғазнасидан 15 млн сўм пулларни ўғирлаган ва шундан сўнг қотиллик содир қилган.

Қотилликка оилавий жанжал сабаб бўлгани суд мажлисида маълум бўлди. Жанжал тўйга олинган мебель пуллари тўланмагани учун мебелчилар уларни олиб чиқиб кетгани ортидан келиб чиқади.

Эр-хотин жанжалига қайнона ҳам аралашади. Чунки Тожикистон фуқароси бўлган келиннинг Ўзбекистон ҳудудида бўлиш муддати ўтиб кетгани учун укаси ташлаб берган 2 млн 300 минг сўм жарима пулини куёв ишлатиб қўйгани қайнонанинг эътирозига сабаб бўлган.

Судланувчи тунги соат 01:40 атрофида қайнонаси ва турмуш ўртоғини қасддан ўлдириш мақсадида улар яшайдиган хонадонга маст ҳолатда келиб, улар билан ўзаро жанжаллашган. Жанжал натижасида эркак ўзи билан олиб келган ошхона пичоғи билан дастлаб қайнонасининг баданига 6 маротаба уриб ва турмуш ўртоғининг баданига 15 маротаба пичоқ уриб қасддан ўлдиради. Эркак қотилликни содир этганидан кейин пичоқни кўчага улоқтириб, қотиллик қурбони бўлган қайнона ва келинни устидан қулфлаб пулларни олиб воқеа жойидан қочиб кетади.

Судланувчига 24 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

XS
SM
MD
LG