Ссылки доступа

Дамашқда эронлик икки генерал ўлдирилди


 Жорий йил 1 апрелидаги ҳаво зарбаси оқибатида ўлдирилган бригада генерали Муҳаммад Ризо Зоҳидий
Жорий йил 1 апрелидаги ҳаво зарбаси оқибатида ўлдирилган бригада генерали Муҳаммад Ризо Зоҳидий

Сурия пойтахти Дамашқ шаҳрида Эрон элчихонаси консуллик биносига Исроил томонидан берилгани тахмин ҳаво зарбаси оқибатида Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпусининг (ИИПК) икки генерали ўлдирилган.

ISNA агентлиги хабарига кўра, қурбон бўлганлар орасида ИИПКнинг “Ал-Қудс” бўлинмасидаги асосий қўмондонлардан бири, бригада генерали Муҳаммад Ризо Зоҳидий, унинг ўринбосари, бригада генерали Муҳаммад Ходий Раҳимий ва уларнинг беш нафар хизматдоши бор. Эрон вакиллари уларни Суриядаги ҳарбий маслаҳатчилар эканини айтишган.

Озодликнинг Эрон хизмати хабарига кўра, элчихона биносига авиазарба маҳаллий вақт билан 17 лар атрофида берилган. Воқеа жойидан олинган фотосуратларда элчихона биноси тўла вайрон бўлганини кўриш мумкин.ё

Сурия Мудофаа вазирлиги Исроил учоқлари Ғўлон тепаликлари тарафидан зарба беришган. Иддаога кўра, Сурия ҳаводан мудофаа тизими Исроилнинг бир неча ракетасини уриб туширган. Ҳужум чоғида элчихонанинг икки қўриқчиси ҳам яраланган.

Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён элчихонанинг консуллик бўлимига берилган зарбани “мавжуд бўлган барча халқаро конвенцияларнинг бузилиши” деб атаган. ТИВ вакили Носир Канъоний Теҳрон “ҳужумга жавоб бериш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолиши”ни билдирган. Исроил ҳужум юзасидан ҳали изоҳ берган эмас.

2020 йили Бағдодда АҚШ томонидан берилган ракета зарбаси натижасида “Ал-Қудс” бўлинмаси раҳбари генерал Қосим Сулаймоний ўлдирилган эди. Бу минтақадаги вазият кескинлашиб кетишига олиб келганди. Ўшанда Эронга алоқадор гуруҳлар АҚШ ҳарбий базаларига бир неча бор ҳужум уюштиришган, Теҳрон ўз ядро дастурини халқаро назорат остига қўювчи ядровий битим бўйича чекловларни бажаришдан бош тортган эди.

Ислом инқилоби посбонлари корпуси Эрон сиёсати ва иқтисодиётига сезиларли даражада таъсирга эга. Расман армия таркибига кирган корпус феълан ҳаво ва денгиз кучлари дохил ўз қўшинларига эга. Эрон ракета дастурини ҳам назорат қиладиган ИИПК мамлакат президентига эмас, балки унинг руҳоний лидери — оятуллоҳ Али Хоманаийга бўйсунади.

АҚШ расмийлари ИИПКни террор ташкилоти деб тан олишган. Оқ уй матбуот хизмати Карин Жан-Пьер президент Байден командаси Дамашқдаги воқеаларга оид “масалани ўрганаётгани”ни маълум қилди, дея хабар қилган “Америка овози”.

Мақтул генерал Муҳаммад Ризо Зоҳидий номи БМТнинг Эрондаги 15 нафар юқори лавозимли ҳарбий ва сиёсий арбобдан иборат “қора рўйхати”га киритилган. Бу шахслар Теҳроннинг ядровий ва ракета дастурлари ишлаб чиқилишига алоқадорликда гумонланишади.

XS
SM
MD
LG