Ссылки доступа

Қозоғистондаги тошқин: 16 минг одам хавфсиз ҳудудга кўчирилди


Ушбу тошқин оҳирги 30 йилда содир бўлган энг катта тошқин ҳисобланади.

Қозоғистондаги тошқин билан боғлиқ фавқулодда вазият "барқарор оғирлигича" қолмоқда. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирининг ўринбосари Бауржан Сиздиков 2 апрель кунидаги ҳукумат йиғилишида маълум қилган.

"Ғарбий ҳудудларда сув сатҳи бироз камайган, бироқ марказий, шимолий ва шарқий ҳудудларда аксинча, дарёлар сатҳи кўтарилмоқда", дейди Сиздиков.

Унинг айтишича, фавқулодда вазият рўй берган ҳудудлардан 15 минг 800 киши эвакуация қилинган, уларнинг 4113 нафари ҳозирда вақтинча жойлаштириш пунктларида яшамоқда.

Расмий маълумотларга кўра, тошқин тўрт кўприк дохил 55 та автойўлни ювиб кетган. Тошқин оқибатларини бартараф қилишга 7 мингдан зиёд мутахассис, 2 мингдан зиёд техника жалб қилинган.

Ҳозирда Ақтўбе, Сазди, Ашису ва Жартас сув омборларидан сув ташлаб юборилмоқда. Ақтўбе вилоятидаги Қарғали сув омбори ҳам тўлиб бораётгани айтиляпти. Аввалроқ маҳаллий расмийлар Илек ва Қарғали дарёлари бўйида яшовчи одамларни уй-жойларини тарк этиб, бошқа жойга кетиб туришга чақиришган эди.

Тошқин оқибатида вайрон бўлган тураржойларни қуришга ва тиклаш ишларига сарфланажак маблағ Қозоғистон ҳукумати ва маҳаллий ҳокимиятлар резервида ажратилади.

Ҳукумат маълумотига кўра, ҳозирда Қозоғистоннинг 5 та вилояти юқори хавф-хатар зонасида бўлиб, 20га яқин шаҳар ва туманларда фавқулодда вазият тартиби эълон қилинган. Табиий офат кузатилган туманлар аҳолиси маҳаллий расмийларни тошқин мавсумига тайёргарлик кўрмаганликда, ҳаво исиб кетиши билан тезда эрий бошлаган қор уюмларини ўз вақтида бошқа жойларга ташишга улгурмаганликда айблашмоқда. Қор эриши туфайли пайдо бўлган сув тураржойлар, хўжалик биноларига кириб, кўприк ва тўғонларни бузиб, йўлларни ювиб кетмоқда.

Ушбу тошқин оҳирги 30 йилда содир бўлган энг катта тошқин ҳисобланади.

Қозоғистон президент Қасим-Жомарт Тоқаев 30 март куни қозоғистонликлар олдида узр сўради. У ҳукуматнинг тошқин мавсумидаги ишини қониқарсиз, нопрофессионал деб баҳолаб, амалдорларга интизомий чоралар кўрилишини билдирган.

30 мартдаги кенгаш якунларига кўра, бош вазирнинг биринчи ўринбосари Роман Скляр, сув захиралари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов, Атирау, Ақмола, Абай, Павлодар ва Олмаота вилоятлари ҳокимларига жиддий ҳайфсан берилган. Ғарбий Қозоғистон, Ақтўбе, Қўстанай вилоятлари ҳокимлари эса ўз лавозимига тўлалигича лойиқ бўлмаганлик ҳақида огоҳлантириш олишган.

XS
SM
MD
LG