Ссылки доступа

«Бунёдкор» Ривалдо ва Денилсонга 2028 йилгача қарзларини тўлайди


ФИФА қарорига кўра, “Бунёдкор” 7 апрелгача футболчилар Ривалдо ва Денилсон олдидаги 9,5 миллион евро қарзни тўлаши керак эди. Аммо 30 март куни томонлар янги келишувга эришишган. Бу ҳақда «Бунёдкор» сайти хабар бермоқда.

Олиб борилган музокаралар натижасида томонлар 30 март куни келишувга эришди. Натижада «Бунёдкор» лицензиялаш платформасига лозим ҳужжатларни юклашга улгурди.

«ФИФА қарорига кўра, «Бунёдкор» Ривалдо ва Денилсон олдидаги қарздорликни шу йилнинг 7 апрель санасига қадар бартараф этиши керак эди. Янги келишувга кўра тўланиши лозим бўлган суммалар сезиларли кўринишда камайтирилди. Қўшимчасига, келишилган сумма Денилсонга 2026 йилгача уч қисмга бўлиб тўланадиган бўлди. Ривалдо билан ҳисоб-китоб эса 2028 йилга қадар ҳар йили бир мартадан амалга ошириладиган бўлди», - дейилади клуб ва Ўзбекистон профессионал футбол лигаси расмий хабарида.

«Бунёдкор» футболчиларга қанча пул тўлашини аниқлик киритмади.

Шу йилнинг 7 февраль куни ФИФА интизом қўмитаси «Бунёдкор» футбол клуби жамоанинг собиқ ўйинчилари Ривалдо ҳамда Денилсонга 9,5 миллион евро қарз эканини ва бу қарзни тўлаши шартлиги тўғрисида қарор қабул қилган эди. Қарорда Ривалдога 8,1 миллион евро, Денилсонга 1,1 миллион евро қарз экани қайд этилган.

«Бунёдкор» клуби 30 кун ичида ушбу маблағни тўлаб бериши шарт қилиб белгиланган. Акс ҳолда ФИФА томонидан клубга нисбатан жазо чоралари қўлланилиши мумкин.
«Бунёдкор» ва футболчилар ўртасидаги молиявий можаро 2010 йилдан бери давом этиб келаётган эди.

XS
SM
MD
LG