Ссылки доступа

Россиянинг Оренбургида яна бир дарё тошмоқда

Росгидромет прогнозларига кўра, тошқиннинг энг юқори чўққиси 10 апрелда бўлиши ва вазият 20 апрелдан кейин барқарорлашиши кутилмоқда.

Оренбург вилоятининг Орск шаҳрида Елшанка дарёси ҳам тошиб кетмоқда. Бу ҳақда шаҳар мери Василий Козупитса маълум қилди. У аҳолини хавфсизроқ жойга кўчиб туришга чақирди.

Шу билан бирга, Орскни Урал дарёси ҳам босишда давом этмоқда. 6 апрелда Урал дарёси бўйидаги ҳимоя тўғони ювиб кетилганидан сўнг, Оренбург вилоятидаги иккинчи йирик шаҳар бўлмиш Орскда 4518 та турар-жой биноси ва 4587 та томорқа майдонлари сув остида қолган.

Баъзи ҳудудларда сув биринчи қаватларнинг деразаларигача кўтарилган, одамлар шаҳар бўйлаб қайиқларда ҳаракат қилмоқда. Барча мактаблар масофавий таълимга ўтган. Маҳаллий нефтни қайта ишлаш заводи ҳам ишламай турибди.

Ушбу тошқин Оренбург вилоятидаги кузатувлар тарихидаги энг катта сув тошқини деб эълон қилинди. Ҳукумат комиссияси ушбу сув тошқинини федерал даражадаги фавқулодда ҳолат деб таснифлаган. Инфратузилмага етказилган зарар 21 миллиард рублга баҳоланмоқда. 7 апрель куни ҳолатига 77 аҳоли пунктида 10 мингдан ортиқ турар-жой бинолари ва 18 минг томорқа ерлари сув остида қолган.

Росгидромет прогнозларига кўра, тошқиннинг энг юқори чўққиси 10 апрелда бўлиши ва вазият 20 апрелдан кейин барқарорлашиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG