Ссылки доступа

ИИВ: 11 қирғиз журналистининг ҳибсга олинишида сиёсат йўқ


Вазир Temirov Live лойиҳасининг амалдаги ва собиқ 11 нафар ходими аслида журналист ҳам эмас, оддий блогер эканлигини таъкидлаган. 

Қирғизистон Ички ишлар вазири Уланбек Ниёзбеков 11 нафар журналистнинг ҳибсга олинишида ҳеч қандай сиёсий мотивлар йўқлигини иддао қилди.

«Кабар» агентлигига берган интервьюсида Ниёзбеков Temirov Live лойиҳасининг амалдаги ва собиқ 11 нафар ходими аслида журналист ҳам эмас, оддий блогер эканлигини таъкидлаган.

“Уларнинг фақат икки нафари журналист дипломига эга, қолганлари блоггер ҳисобланади. Улар ёлғон ва туҳматни тарқатса, жавоб қайтармаслигимиз керакми? Журналистика қоидаларидан бехабар бу инсонлар одамларни саросимага солганлар. Уларни журналист деб шов-шув кўтаришга ҳожат йўқ”, деган вазир.

Ниёзбековнинг қўшимча қилишича, ёлғон тарқатганлик учун Европа ва АҚШда ҳам жиноий жазо ва жарималар кўзда тутилган. ИИВ раҳбари Қирғизистонда сўз эркинлиги мавжудлигини, расмийларни танқид қилиш тақиқланмаганлигини, бироқ даъволар далиллар билан бўлиши лозимлигини айтган.

Журналистик суриштирувларга ихтисослашган Temirov Live лойиҳасининг амалдаги ва собиқ 11 нафар ходими январда ҳибсга олинган эди. Журналистлар “ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик" ва "оммавий тартибсизликларга чақириш”да айбланмоқда. Улар суд томонидан айбдор деб топилган тақдирда 8 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

19 январь куни Президент Садир Жапаров Қирғизистонда журналистлар оммавий тартибда ҳибсга олинаётгани, қатор таҳририятларда тинтув ўтказилаётгани борасида изоҳ берар экан, ҳибсга олинганлар “профессионал журналист эмас”лигини ва улар “ижтимоий тармоқларда турли маълумотларни эълон қилиб, мамлакат хавфсизлигига таҳдид солаётганини” айтган.

Қирғизистон 2023 йилда матбуот эркинлиги бўйича халқаро рейтингда 50 поғонага пастлаб кетган. 2022 йилда Қирғизистон матбуот ва сўз эркинлиги рейтингида 72-ўринда бўлган, 2023 йилда эса 122-ўринга тушиб қолган.

XS
SM
MD
LG