Ссылки доступа

Тожикистон "Крокус" ҳужумида гумон қилинганлар қийноққа солинганини қоралади


Тожикистон Ташқи ишлар вазирининг айтишича, Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари халқаро ҳуқуқ нормалари ва тамойилларига ҳамда мамлакат қонунчилиги талабларига, жумладан, айбсизлик презумпциясига амал қилиши лозим.

Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Мухриддин Москва вилоятидаги “Крокус” концерт залида амалга оширилган терактда айбланаётган шахслар қийноққа солинганини қоралади. Вазир бундай баёнотни МДҲ давлатлари ташқи ишлар вазирларининг Минскдаги учрашувида берган, деб хабар бермоқда Озоди радиоси.

Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари халқаро ҳуқуқ нормалари ва тамойилларига ҳамда мамлакат қонунчилиги талабларига, жумладан, айбсизлик презумпцияси, қийноқлар ва шафқатсиз муносабатда бўлишни тақиқловчи нормаларга амал қилиши лозим, дейди дипломат.

“Террор ҳаракатини содир этганликда гумон қилинаётган шахсларга нисбатан қийноқлар қўлланаётганини очиқ-ойдин эфирда узатиш мақбул ҳолат эмас. Бу йўл билан олинган иқрорларнинг ҳаққонийлиги ҳам шубҳа остида”, — деди у.

Мухриддин, шунингдек, терактдан кейин Россияда ксенофобия авжига чиққанини, “ақлсиз ахборот кампанияси” оқибатида “тожикистонликларга нисбатан адоват кучайганини” қоралади.

Россия расмийлари Тожикистон вазирининг баёнотига муносабат билдирилмаган.

"Крокус"даги теракт 22 март, жума куни содир бўлган, бунинг натижасида, Россия Тергов қўмитаси маълумотларига кўра, камида 144 киши ҳалок бўлган, 500 дан ортиқ киши жароҳатланган. Ҳужумчилар баъзи одамларни отиб ташладилар, аксарияти ёнғин пайтида ўлди. Ҳужум учун жавобгарликни ИШИД гуруҳи ўз зиммасига олди.

XS
SM
MD
LG