Ссылки доступа

Россияда муҳожирларга қарши рейдлар давом этмоқда


Россияда Крокус Сити Холлга ҳужум ортидан ксенофобия ва марказий осиёлик муҳожирларга қарши кайфият кучайди.

Россиянинг қатор шаҳарларида меҳнат муҳожирлари оммавий тўпланадиган жойларда рейдлар ўтказилмоқда. Полиция ва ҳарбийлардан иборат текширувчилар жумладан фуқароликни олган, аммо ҳарбий рўйхатга турмаган муҳожирларни қидирмоқда.

"Интерфакс" ахборот агентлиги Тергов қўмитасига таяниб хабар беришича, “2024 йилда Свердловск вилоятининг ўзида Россия фуқаролигини олган, бироқ ҳарбий хизмат рўйхатига турмаган 1340 дан ортиқ шахс аниқланган. Улардан 130 дан ортиғи Россия Қуролли Кучлари сафларида муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун аллақачон жўнаб кетган".

Бундай рейдлар Москва, Санкт-Петербург, Екатеринбург, Нижний Тагил, Первоуралск, Богданович ва Сухой Лог шаҳарларидаги меҳнат муҳожирлари оммавий тўпланадиган жойларда – озиқ-овқат бозорлари, улгуржи сабзавот омборлари, ётоқхоналар каби ҳудудларда ўтказилган.

Москва полицияси хабар беришича, турар-жой сектори, улгуржи ва чакана савдо, умумий овқатланиш жойлари, қурилиш каби 10 мингдан ортиқ объектни кўздан кечирилган ва 6 мингдан ортиқ миграция қонунчилигини бузиш ҳолатлари аниқланган. 800 дан ортиқ муҳожирлар Россиядан чиқариб юборилади. Қидирувда бўлган 22 нафар шахс тутилган.

Полиция рейдлар давомида қўлга олинган муҳожирларга ҳарбий хизмат ўташ эвазига фуқароликни таклиф қилмоқда. Ички ишлар вазирлиги Красноярскдаги мана шундай рейддан бир лавҳа эълон қилган. Унда полициячи муҳожирларга айтишича, “ҳар бирингиз Мудофаа вазирлиги билан ҳарбий хизмат шартномасини тузиб, Россия фуқароси бўлишингиз мумкин”. Муҳожирлардан бирортаси бундай таклифга рози бўлгани номаълум.

Россияда Крокус Сити Холлга ҳужум ортидан ксенофобия ва марказий осиёлик муҳожирларга қарши кайфият кучайди. Муҳожирларнинг айтишича, уларни полиция ёки Миллий гвардия тўхтатиб, ФСБ вакиллари билан "суҳбатлашиш учун" олиб кетишган. Бундан ташқари, полиция муҳожирлар яшайдиган ётоқхоналарга бостириб кирмоқда.

XS
SM
MD
LG