Ссылки доступа

“Чегарасиз мухбирлар” Россияни Алсу Курмашевани озод қилишга чақирди


“Чегарасиз мухбирлар” ташкилоти ходимлари ярим йил муқаддам Россияда ноқонуний ҳибсга олинган Алсу Курмашеванинг озод қилинишини талаб қилишмоқда
“Чегарасиз мухбирлар” ташкилоти ходимлари ярим йил муқаддам Россияда ноқонуний ҳибсга олинган Алсу Курмашеванинг озод қилинишини талаб қилишмоқда

Озодлик радиосининг татар-бошқирд хизматида ишлаган Алсу Курмашева 2023 йилнинг 18 октябридан буён Россия расмийлари томонидан ғайриинсоний ва қадр-қимматни таҳқирловчи шароитда тутиб турилибди. Бу ҳақда “Чегарасиз мухбирлар” (RSF) халқаро ташкилотининг галдаги баёнотида айтилган.

RSF яна бир бор ҳам АҚШ, ҳам Россия фуқароси бўлган Курмашевани зудлик билан озод қилишга чақириб, журналистнинг саломатчилиги юзасидан хавотир изҳор қилган.

Алсу Курмашеванинг яқинлари у ҳибсга олинганидан буён ўтган ярим йил ичида илк бор унинг овозини эшитишга муваффақ бўлишган. 1 апрель куни журналист аёлнинг эри Павел Буторин X ижтимоий тармоғида Курмашеванинг Қозон суди залидаги ойнаванд қафас ичида тургани акс этган видеони ёйинлаган.

Унинг ҳибс муддати 5 июнгача узайтирилиши ҳақидаги қарор эълон қилинишидан сал аввалроқ у ҳибсхонадаги шароит ҳақида қисқача маълумот берган. Курмашевага кўра, у ҳаво совуқ бўлишига қарамай, қарийб иситилмаётган кичкинагина камерада иссиқ сувсиз ушлаб турилибди, хонада иккита каравот билан токчагина бор. “Чегарасиз мухбирлар” бунинг ғайриинсоний ва киши қадр-қимматини таҳқирловчи шароит эканини урғулаган.

Курмашева ўтган йилнинг октябрь ойида Қозонда ҳибсга олинганидан буён эри, вояга етмаган (12 ва 15 ёшдаги) икки фарзанди ва қари онаси билан бирор марта ҳам гаплаша олган эмас. Россия расмийлари журналист аёлнинг АҚШ консулхонасига мурожаат қилиш илтимосини ҳам рад этишган, бунга эса АҚШ фуқароси сифатида унинг ҳуқуқи бор эди.

“Россия қамоқхоналаридаги шароит расволиги туфайли Алсу Курмашеванинг саломатлиги ёмонлашишда давом этаётган бир пайтда унинг АҚШ фуқароси ўлароқ ҳақ-ҳуқуқлари расмийлар томонидан эътиборга олинмаяпти. АҚШдан консуллик ёрдами олинишининг рад этилиши Консуллик муносабатлари тўғрисидаги Вена конвенциясининг (ВККС) қўпол равишда бузилиши бўлиб ҳисобланади. RSF АҚШ ҳукуматини уни (Алсу Курмашевани) озод қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни жадаллаштиришга чақиради”, дейилган ташкилот баёнотида.

RSF вакилларига кўра, Россия расмийлари мустақил ОАВга қарши ўз курашида хорижлик журналистларни таъқиб қилишдан ҳам тортинмай қўйган. Халқаро ташкилот Алсу Курмашевани имкон қадар тез фурсатда “ғайриқонуний равишда тутиб турилган шахс” деб эълон қилиш ва унинг озод қилишини учун барча чораларни кўриш илтимоси билан АҚШ Давлат департаментига мурожаат қилган. Россия ҳибсхонасида ушлаб турилган яна бир америкалик журналист – ўтган йилнинг 29 мартида “жосуслик”да гумонланиб, ҳибсга олинган Wall Street Journal мухбири Эван Гершкович аввалроқ АҚШ Давлат департаменти томонидан Россияда “ғайриқонуний равишда тутиб турилган шахс” дея тан олинган эди.

“Чегарасиз мухбирлар” ташкилотининг 2023 йилдаги ҳисоботига мувофиқ, Россия дунёдаги 180 мамлакат ичида матбуот эркинлиги бўйича 164-ўринни эгаллаган.

XS
SM
MD
LG