Ссылки доступа

Ўзгидромет раҳбари: Ҳафта охиригача 9 вилоятда сел хавфи мавжуд


Ўзбекистоннинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида 25-28 апрель кунлари кутилаётган кучли ёғин-сочин тўққизта вилоят ҳудудида сел-сув тошқини ҳодисаларининг юзага келишига сабаб бўлиши мумкин.

Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати агентлиги раҳбари Шерзод Ҳабибуллаев Facebook тармоғидаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

Мулозимга кўра, сел ҳодисалари, жумладан Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ, Деҳқонобод, Чироқчи, Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши, Ғузор туманларида, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё, Узун, Олтинсой, Денов, Бойсун, Шеробод, Шўрчи, Қумқўрғон, Музробот туманларида, Самарқанд вилоятининг Ургут, Самарқанд, Булунғур, Нуробод, Қўшработ, Каттақўрғон, Пайариқ, Жомбой, Иштихон туманларида, Навоий вилоятининг Хатирчи, Навбаҳор, Нурота, Конимех, Кармана туманларида, Жиззах вилоятининг Зомин, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Фориш, Янгиобод туманларида, Тошкент вилоятининг Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пискент, Ўртачирчиқ, Юқоричирчиқ туманлари ва Ангрен, Олмалиқ шаҳарларида, Наманган вилоятининг Поп, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган, Янгиқўрғон туманларида, Фарғона вилоятининг Сўх, Шоҳимардон, Фарғона, Бешариқ туманларида, Андижон вилоятининг Андижон, Асака, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Избоскан, Хўжаобод, Марҳамат туманлари ҳамда Хонобод шаҳрида кузатилиши эҳтимоли бор.

Хабарномада тоғолди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолидан ҳамда бу ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан тошқин эҳтимолига қарши эҳтиёткорлик чораларини кўриш сўралган.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг бир неча вилоятида сел-тошқин ҳодисалари кузатилгани хабар қилинган. Шунингдек, сўнгги кунларда Ўзбекистонга қўшни бўлган Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда ёғин-сочин ва қор эриши натижасида сел ва тошқинлар рўй бергани маълум. Бу мамлакатлар ичида тошқин туфайли энг кўп талафот Қозоғистонда берилган.

XS
SM
MD
LG