Озод Европа/Озодлик радиоси (RFE/RL) медиа корпорацияси Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги билан аккредитация масаласида муросага эришди. Озодлик радиосининг президенти Стивен Капус ТИВ билан эришилган келишувни олқишлади.
Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Озодлик радиосининг қозоқ хизматининиг 36 нафар ходимига аккредитация беришни ёки уни узайтиришни рад этиб келаётган эди. 30 январда Озодлик радиосининг Қозоғистондаги ваколатхонаси Остона маъмурий судига даъво аризасини киритди.
Озодлик нашри суддан Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг ваколатхона ходимларига аккредитация беришни рад этган қарорини бекор қилишни сўраган эди. Ташқи ишлар вазирлиги камида 36 нафар журналистга аккредитация бермаган ёки мавжуд аккредитацияни узайтирмаган, журналистларнинг баъзилари 2022 йилдан бери аккредитациядан ўтказилмаган. Қоида бўйича, ТИВ икки ой ичида хорижий ОАВ мухбирига аккредитация бериши лозим ёки беришни рад этиш тўғрисида асосланган қарор кўрсатиши керак.
RFE/RL асосан матбуот эркинлиги чекланган 23 давлат учун 27 тилда ахборот беради.