Ссылки доступа

Тожикистонда алоқа тарифлари қимматлашиши мумкин


Аввалроқ нархларни ошишига жамиятда салбий муносабат билдирилганидан сўнг, Тожикистон Алоқа хизмати “бунга йўл қўймаслигини” маълум қилган эди.

Тожикистондаги уяли алоқа операторлари ва провайдерлар интернет ва мобил алоқа хизматлари учун нархларни оширмоқчи. Бу ҳақида маълум қилган Тожикистон Алоқа хизмати улардан “пухта ўйланмаган қарорлар қабул қилмасликни" сўрамоқда.

Бу уяли алоқа операторларнинг тарифларни оширишга биринчи уриниш эмас. Ўтган гал, январь ойида Тожикистондаги учала уяли алоқа оператори – Мегафон, Бабйлон ва Тселл 1 февралдан ўз тарифлари ва хизматлари нархи ошишини маълум қилган эди. Алоқа хизмати уяли алоқа операторларининг хатти-ҳаракатлари танқид қилиб, аввалги тарифлар сақланиб қолинишини талаб қилган. Хизматнинг баёнотида "бу қадам президентимизнинг мобил алоқа хизматлари нархини пасайтириш ва сифатини ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатига зид" эканлиги урғуланган.

Шундан сўнг алоқа компаниялари нархларни ошириш қароридан воз кечганликларини маълум қилган эди.

Мобил компаниялардаги манбалар маълум қилишича, электр энергияси нархининг ошиши хизматлар нархини оширишга мажбур қилмоқда. Баъзи экспертлар бозор давлатнинг буюртмаси асосида ишламаслигини, алоқа ва интернет нархларини сунъий пасайтириш ўрнига соҳада реал ислоҳотларни амалга ошириш зарурлигини таъкидламоқда.

Ҳозирда Тожикистонда абонентларининг умумий сони 8,3 миллионни ташкил этади, улардан 6,4 миллиони фаол фойдаланувчидир. Тожикистон интернет тезлиги ва сифати энг паст бўлган давлатлардан биридир. Мутахассислар авваллари илғор бўлмиш бу соҳа абгор ҳолатга келишини президент қудаси бошқараётган Алоқа хизмати тасарруфига ўтказилганлиги билан боғламоқда.

XS
SM
MD
LG