Ссылки доступа

Ўзбекистонда газ ва нефть қазиб олиш камайди


Ўзбекистонда 2024 йилнинг март ойида газ қазиб олиш 3,89 миллиард куб метргача камайган. Бунга “Газета.uz” нашри Статистика агентлиги ҳисоботини ўрганиб чиқиш ортидан эътибор қаратган.

Ҳисоботга мувофиқ, жорий йилнинг илк чорагида газ ишлаб чиқариш ҳажми 11,6 миллиард куб метрни ташкил этган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,9 фоизга ёки 724,8 миллион куб метрга камдир.

Биринчи чоракда нефть қазиб олиш ҳам 60,6 минг тоннагача камайган. Бу ўтган йил мартига нисбатан 11,1 фоизга ёки 7600 тоннага кам. Айни пайтда ишлаб чиқаришда етти ойдан буён кузатилаётган пасайиш (августдан февралгача) ўтган ойга келиб тўхтагани қайд этилган. Шу тариқа, жорий йилнинг январь-март ойларида ишлаб чиқариш 179,1 минг тоннани ташкил этган - ўз навбатида бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 8,4 фоизга кам.

Шунингдек, агентлик ҳисоботидан келиб чиқилса, март ойида Ўзбекистонда 119,5 минг тонна автомобиль бензини ишлаб чиқарилган, бу ўтган йил мартига нисбатан 1,6 фоизга ёки 1900 тоннага кам. 2023 йил март ойида мамлакатда 121,4 минг тонна бензин ишлаб чиқарилган эди.

Умуман олганда, жорий йилнинг март ойида ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда фақатгина кўмир қазиб олиш бўйича кўрсаткичлар ошиб (+0,9 фоиз), 309 минг тоннани ташкил этган. Бироқ бу ерда ҳам чораклик кўрсаткичда 2 фоизлик қисқариш кузатилган.

Озодлик март ойи бошида “Путиннинг бир қўлидан иккинчи қўлига. "Газли" омбори Фозиловга ўтди” деб номланган суриштирувни эълон қилган эди.

Суриштирувда Ўзбекистон энергетикасининг де-факто қиролига айланган Бахтиёр Фозилов эндиликда мамлакат газ-транспорт тизимининг "юраги" саналган "Газли" газ омборини ҳам қўлга олгани айтилади.

“Украинадаги уруш ортидан юзага келган янги геосиëсий реалликда Россия газ қувурлари ўтувчи Қозоғистон ва Ўзбекистон билан "Газ иттифоқи" деб аталган махфий келишув имзолади, Ўзбекистонга 2.8 миллиард куб метр газ импорт қилиш иддаоси билан бу қувурларни реверс режимида ишга туширди.

Ўзбекистон ҳукумати ҳозиргача 2023 йил 7 октябрь - Путиннинг туғилган кунида тантана билан старт берилган бу келишув ортидан қанча газ, қанча нархда импорт қилинганига оид бирор маълумотни очиқламаган”, дейилганди Озодлик суриштирувида.

XS
SM
MD
LG