Қорақалпоғистонда жойлашган Оролбўйида кичик турдаги динозавр суяги аниқланди. Бу ҳақда Фанлар академиясининг Қорақалпоқ табиий фанлар илмий тадқиқот институти мудири Иззет Аимбетов ЎзАга маълум қилди.
2023 йил сентябрь ойида словакиялик палеонтолог олимлар Оролбўйи ҳудудларида тадқиқот ўтказиб, ноёб топилмаларни аниқлаган.
"Улар орасида сувда яшайдиган динозавр кичикроқ турининг суяги ҳам бор. Олимлар юртларига қайтиб кетишди ва жорий йилнинг апрель ойи бошида яна Қорақалпоғистонга келиб, тадқиқот ишларини давом эттириб, Устюртда динозавр изини топишди", — деди Аимбетов.
Унинг таъкидлашича, динозавр излари геологик жараён натижасида тошга айланиб қолади, шу сабабли ҳозир олимлар тош изларни чуқур ўрганмоқда.
Дала тадқиқот ишлари давомида топилган динозавр боласининг суяклари кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда. Палеонтологларнинг айтишича, бундай ноёб суяклар ҳозирча Америка Қўшма Штатлари, Руминия, Хитой ва Қорақалпоғистонда топилган. Ҳозир ушбу дала тадқиқотлари натижаси ҳақида дунёдаги нуфузли журналларга 3 та катта мақола тайёрланмоқда.
Олимлар яна кўплаб ноёб суяклар топишди. Ўзбекистонда ноёб топилмаларни таҳлил қилиш имкони бўлмагани туфайли улар топилмаларни ўрганиш учун олиб кетишди.
Иккинчи экспедицияда иштирок этиш учун Франциядан олимлар келиб Қора-тоғ тоғлари, Устюрт, Нукус, Хўжайли, Тахиатош туманларида бўлиб кўплаб ноёб суякларни топишди. Ушбу суяклар Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлимида сақлаб турилибди.
Хабарда айтилишича, иккита экспедиция жараёнида топилган суяклар 70 миллион йил олдин яшаган ҳайвонларнинг суяклари бўлиб, шу суяклар орқали олимлар ернинг тарихини ўрганади.