Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кемерон 25 апрель куни Озодлик радиосига берган интервьюсида Буюк Британия Қозоғистон билан янада чуқурроқ шериклик ришталарини ўрнатишга очиқ эканини айтди.
Дэвид Кемерон Қозоғистон Россия ва Хитой билан мавжуд муносабатларни сақлаган ҳолда Буюк Британия билан ҳам ҳамкорлик қилиши мумкинлигига ишонч билдирди.
“Бизда аллақачон таълим, бизнес, иқтисод, савдо, сиёсат каби соҳаларда ажойиб ҳамкорлик алоқалари мавжуд. Хулоса шуки, биз кўнгилли ҳамкормиз. Агар хоҳласангиз, шундай танлов қилишингиз мумкин”, - деди Дэвид Кемерон.
Британия ташқи ишлар вазирининг айтишича, у 24 апрель куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев билан четга ноқонуний чиқарилган активларни қайтариш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларини муҳокама қилган. "Бу пулни топиш ва мамлакатга қайтариш учун сиз билан бирга ишлашимиз жуда муҳим", деди у.
Унинг таъкидлашича, Буюк Британия 2017 йилда дунёда биринчилардан бўлиб, жиноий йўл билан орттирилган активларни музлатиб қўйиш амалиётини жорий этган. Вазирнинг таъкидлашича, механизм "рисоладагидек ишламаяпти", аммо Буюк Британия бу масалада ўз ҳамкорлари билан ишлашда давом этади.
Бундан ташқари, Буюк Британия Қозоғистонга кичик атом электр станцияларини қуришда ёрдам бериши мумкин.
“Биз анчадан бери кичик ядро реакторларини ишлаб чиқарамиз, чунки улар бизнинг сув ости кемаларимизда қўлланилади. Менимча, Rolls-Royce каби компанияларимизда бошқа давлатлар учун ҳам бундай кичик ядровий реакторларни қуриб бериш имконияти мавжуд”, деди Дэвид Кемерон.
24 апрель куни Остонада Дэвид Кемерон Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ва Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу билан учрашган. Учрашув унинг Марказий Осиёга илк дипломатик сафари доирасида бўлиб ўтди.
Дэвид Кемерон Қозоғистон Россия ва Хитой билан мавжуд муносабатларнига путур етказмаган ҳолда Буюк Британия билан ҳам ҳамкорлик қилиши мумкинлигига ишонч билдирди.