У одамларни ёнғиндан карнизга олиб чиқди, шундан сўнг улар Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қутқарув зинапоясидан пастга тушишга муваффақ бўлди.
Ҳодиса 25 апрель куни эрталаб Подольская кўчасидаги 39-уйда содир бўлди. 26 апрель оқшомида Санкт-Петербургнинг Адмиралтейск тумани маъмурияти раҳбари Сергей Оверчук Олимжон Иброҳимовга совға — у учун махсус чизилган туман манзараси акс этган расмни топширди.
Петербургнинг «Фонтанка» нашрига берган интервьюсида 48 ёшли Олимжон Иброҳимов Фарғонада ҳаво-десант қўшинларида хизмат қилганини айтди.
“Ўзбекистонликман, Фарғонада ҳаво-десант қўшинларида хизмат қилганман. Ҳеч қандай ҳарбий ҳаракатларда қатнашмадим, лекин биз ҳар куни, том маънода бир неча соат машқ қилардик. Мисол учун, бир қўл билан ушлаб, еттинчи, ҳатто тўққизинчи қаватга кўтарилиш ва кейин пастга тушиш керак эди. 15 йил хизмат қилдим, мен учун бу осон эди ва менга ёқарди. Шу вақт ичида бокс бўйича спорт устаси бўлдим”, — деди Иброҳимов.
У етти йилдан бери оиласи билан Россияда яшайди. Хизматдан нафақага чиққандан кейин у ерга борган. Хотини ва қизи ҳам у билан бир бригадада кўча тозаловчиси бўлиб ишлайди.
Иброҳимовнинг айтишича, бундан олдин ҳам Верейская кўчасида бир йилдан кўпроқ вақт олдин содир бўлган ёнғиндан бир аёлни қутқариб қолган. Ўшанда унга сертификат беришди.