Қозоғистонда суд 30 апрель куни собиқ ички ишлар вазири Ерлан Тургумбаевни икки ой муддатга ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда Қозоғистон Бош прокуратураси маълумот тарқатди.
61 ёшли Ерлан Тургумбаев 2022 йил февралида лавозимидан озод қилинган. Икки йил ўтиб у ҳокимият ва хизмат ваколатларидан четга чиққанликда айбланмоқда.
Тургумбаев 2022 йил Январь воқеалари чоғида ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминламаганлик, шунингдек, фуқароларга нисбатан қийноқ қўллаганлик бўйича куч ишлатар идоралар ходимларига нисбатан тергов доирасида ҳибсга олинган. Собиқ вазирнинг ишида давлат сири бўлган маълумотлар мавжудлиги учун бошқа маълумотлар оммага ошкор қилинмади.
2022 йилдаги Январь воқеаларидан кейин Қозоғистонда ёпиқ судлар натижасида Миллий хавфсизлик қўмитаси собиқ раиси Карим Масимов, унинг бир неча ўринбосари ҳамда собиқ мудофаа вазири Мурат Бектанов давлатга хиёнатда айбланиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган эдилар. Бектановнинг ўрнига ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари — Миллий гвардия ва ИИВ ички қўшинлари қўмондони Руслан Жақсилиқов тайинланган.