Ссылки доступа

Қирғиз мулозими: Тожикистон билан ҳудуд алмашишни истисно қилиб бўлмайди


Қирғизистон-Тожикистон чегараси минтақада энг нотинч ҳисобланади. Икки давлат чегарачилари ўртасидаги қисқа муддатли урушларда ўнлаб киши ҳалок бўлган.

Чегара муаммосини ҳал қилиш учун Тожикистон билан ҳудуд алмашишни истисно қилиб бўлмайди. Мана шундай фикрни Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби Марат Имонқулов 30 апрель куни "Кабар" агентлигига берган интервьюсида билдирган.

“Тожикистон билан демаркация ишлари якунига етиб қолди. Тўғри, жараён у қадар тез кетмаяпти. Одамларда, чегара аҳолисида хавотир бор. Биз томонда ҳам, улар томонда ҳам”, дейди Имонқулов.
Унинг айтишича, муаммо Боткен вилоятидаги чегара “аҳоли яшаш пунктлари, ҳовлилар ва ҳатто уйлар ўртасидан” чизилган.

“Бу муросани талаб қилади. Муроса ва ён беришларсиз чегара муаммосини ҳал қилишнинг имкони йўқ. Керак бўлса, ҳудудлар билан алмашишни ҳам ўйлаб кўриш мумкин. Бу, албатта, маҳаллий аҳоли билан келишган ҳолда бўлади”, - дея таъкидлади Хавфсизлик кенгаши котиби.
Имонқуловнинг фикрича, чегара муаммосини бу йил узил-кесил ҳал қилиш имкони мавжуд.

Жорий йилнинг тўрт ойида қирғиз-тожик чегарасининг қарийб 196 километри бўйича келишувга эришилган. Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 5 февраль куни Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жеенбек Кулубоев билан учрашувда маълум қилишича, бугунги кунда икки давлат чегарасининг деярли 90 фоизини тавсифлаш ишлари якунланган. Чегаранинг қолган 10% масаласи ҳам баҳоргача ҳал этилиши айтилган эди.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасининг узунлиги 970-980 километрни ташкил қилади. 2022 йилгача бу чегаранинг 664 километри бўйича келишувга эришилган. Мазкур чегара ҳудуди минтақада энг нотинч ҳисобланади. 2021 йил ёзида, 2022 йил кузида икки давлат чегарачилари ўртасида бўлиб ўтган қисқа муддатли урушларда ҳар икки томондан ўнлаб киши ҳалок бўлган эди.

XS
SM
MD
LG