Ссылки доступа

Ўзбекистонга инвестиция киритиш бўйича Хитой ҳамон олдинда


Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда ўзлаштирилаётган хорижий инвестициялар ҳажми бўйича ҳали ҳам Хитой пешқадамлик қилмоқда. ХХР 2023 йил якунларига кўра ҳам Ўзбекистонга энг кўп инвестиция киритган мамлакат бўлган эди.

2024 йилнинг январь-март ойларида Ўзбекистонда асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 107,1 триллион сўмни ташкил этганини очиқлаган Статистика агентлиги бундан асосий капиталга ўзлаштирилган жами хорижий инвестиция ва кредитлар улуши 68,9 фоизга етганини қўшимча қилган.

Агентлик қайдича, ўзлаштирилган жами хорижий инвестиция ва кредитлар ҳажмида энг юқори улушга эга бўлган инвестор давлатлар ичида биринчи ўринда Хитой (23 фоиз), иккинчи ўринда Россия (13,8 фоиз), учинчи ўринда эса Туркия (8,5 фоиз) турибди. Шунингдек, жорий йилнинг илк чорагида Ўзбекистонга салмоқли даражада инвестиция киритган давлатлар қаторида Саудия Арабистони (7,2 фоиз), Бирлашган Араб Амирликлари (4,8 фоиз) ва Германия (3,8 фоиз) каби давлатлар ҳам санаб ўтилган.

Статистика агентлиги аввал маълум қилганидек, 2022 йили Ўзбекистонга ётқизилган сармоя ва берилаётган кредитлар бўйича Россия биринчи ўринни (20,3 фоиз), Хитой эса иккинчи ўринни (16,4 фоиз) эгаллаган эди.

XS
SM
MD
LG