Ссылки доступа

Қирғизистонда тухум импорти вақтинча тақиқланиши мумкин


Бу чора озиқ-овқат маҳсулотларининг нархларини барқарорлаштириш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида киритилаётгани айтилмоқда.

Қирғизистонга тухум импорти вақтинча тақиқланиши мумкин. Бундай таклифни Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати ва мелиорация вазирлиги берди. Тегишли қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Вазирлик тухум импортини олти ой муддатга тақиқлашни таклиф қилмоқда. Бу чора озиқ-овқат маҳсулотларининг нархларини барқарорлаштириш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида киритилаётгани айтилмоқда.

Қирғизистонда товуқ тухумини ишлаб чиқарувчи 24 та маҳаллий корхона импортга вақтинчалик тақиқ жорий этишни сўраган ва унга бўлган эҳтиёжини ўзлари қоплашга тайёрлигини айтган, деб маълум қилмоқда вазирлик.

Вазирлик маълумотларига кўра, Қирғизистонда товуқ тухумини ишлаб чиқарувчи 100 га яқин расмий ва 60 га яқин норасмий корхоналар мавжуд. Улар 2023 йилда қарийб 1,2 миллиард дона тухум ишлаб чиқарган. Бироқ, Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2023 йилда товуқ тухуми нархи энг кўп кўтарилган озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатидан жой олган.

XS
SM
MD
LG