Бу ҳақда “Можем объяснить” Телеграм канали Россия Олий судининг расмий статистик маълумотларидан келиб чиққан ҳолда маълум қилди.
Қайд этилишича, бу жиноятларнинг каттагина қисми урушдан қайтганлар томонидан, шу жумладан “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати томонидан ёлланган ва жанговар ҳаракатларда иштирок этгани туфайли афв этилган собиқ маҳкумлар тарафидан содир этилган.
2022 йил 24 февралидан кейин матбуотда Россия ҳарбийлари томонидан вояга етмаганларнинг жинсий зўрлангани билан боғлиқ камида 11 та ҳолат ёритилган. “Можем объяснить” Телеграм канали бу шов-шувли ҳодисалардан камида иккитасини мисол ўлароқ келтирган: ўтган йил баҳорида урушдан қайтган ёлланма 10 яшар ўгай қизини калтаклаб, жинсий характердаги зўравонлик ҳаракатларини содир этган, собиқ вагнерчилардан яна бири эса 10 ва 12 яшар икки қизалоқни зўрлаган.
Оммавий ахборот воситаларида Украина урушидан қайтганлар томонидан содир этилган қотиллик ва зўравонлик дохил оғир жиноятлар ҳақидаги хабарлар мунтазам равишда пайдо бўлиб турибди. Бу каби юзлаб воқеа маълум. Улар туфайли юзага келган шов-шувлар Кремлни ўз назорати остидаги журналистларга бундай воқеаларни ёритмасликни тавсия қилишга мажбурлаган.
Жорий йилнинг март ойида Россия Давлат думаси ҳарбий хизмат ўташ ҳақида шартнома имзолаган шахслар унча катта бўлмаган ва ўртача оғирликдаги жиноятлар бўйича жавобгарликдан озод қилиниши кўзда тутилган қонун лойиҳасини қабул қилган. Бунгача жиноятлари учун судланган уруш қатнашчилари Россия президенти томонидан имзоланган афв фармони асосида жазодан озод қилинар эди.