Ссылки доступа

Россиядаги янги қоидалар Қирғизистон автомобиль бозорини касодга учратди


Қирғизистондан Россияга автомобиль экспорти кескин – ўтган йилга нисбатан 83 фоизга -   камайиб кетди.

Россия янги қоидалар киритганидан сўнг Қирғизистон автомобиль бозори касодга учради. Қирғизистондан Россияга автомобиль экспорти кескин – ўтган йилга нисбатан 83 фоизга - камайиб кетди.

Россиянинг "Автостат" агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йилнинг дастлабки уч ойида Россияга 295,7 минг автомобиль импорт қилинган бўлиб, уларнинг 66,4 фоизи Япониядан, 24,6 фоизи Қирғизистондан келган.

Бироқ Россияда автомобиллар импортига божларни ошириш ҳақидаги қарор апрель ойидан кучга кирганидан сўнг Қирғизистондан Россияга автомобиллар экспорти деярли тўхтади.

Бу ўз навбатида ички бозорда автомобилга нархларни 20 фоизга тушишига олиб келди.

Хитой ва Жанубий Кореядан машина импорти билан шуғулланувчи тадбиркор Суюнбек Мирзакановнинг айтишича, айни пайтда Қирғизистон автомобиль бозори оғир кунларни бошидан кечирмоқда. 2022 йилда Қирғизистондаги божхона тўловларининг пастлиги туфайли Жанубий Корея, Хитой ва Европадан Россияга автомобиль олиб келаётган тадбиркорлар кўпайган эди. Бироқ энди уларнинг аксарияти машинасини сота олмаяпти ва бу бизнесни зарар билан тарк этишга мажбур бўлмоқда. Қолганлари ҳам Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон каби янги йўналишларни синаб кўрмоқда.

“Бизда бозор катта эмас, кўплар пул йўқотмоқда. Агар нархлар ҳақида гапирадиган бўлсак, нархлар 10-20% га тушди. Фойда ҳақида гап ҳам йўқ, киритилган маблағ ва инвесторларимизнинг пулларини қайтарсак катта гап”, дейди Суюнбек Мирзаканов.

XS
SM
MD
LG