Ссылки доступа

«Бохо завхоз» лақаби билан танилган Баҳодир Султонов 10 йилга қамалди


16 май куни жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судида «Бохо завхоз» лақаби билан танилган Баҳодир Султонов ҳамда у билан бирга қамоққа олинган Навоийдаги автосалон директори Ниёз Ибодовга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Тошкент шаҳар судлари матбуот котиби хабар қилди.

Маълум қилинишича, улар Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни (жуда кўп миқдорда товламачилик) содир этганликда айбли деб топилган. Суд ҳукми билан Баҳодир Султоновга 10 йил, Ниёз Ибодовга 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Шунингдек, суд ҳукми билан Баҳодир Султонов ўта хавфли рецидивист деб топилган.

Аввалроқ «Зики эски шаҳар» лақаби билан танилган Лутфилла Умаров 6 йил 2 ойга, «Салимбой» номи билан танилган тадбиркор Салим Абдувалиев эса 6 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

2023 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ўтказилган рейдлар Ўзбекистонда 1990-йиллар бошидан буён жиноят оламига қарши ўтказилган энг йирик амалиёт бўлган.

Амалиётга нима туртки бўлгани ва алоҳида шахсларнинг жиноят оламидаги роли, шунингдек, ҳокимият, хусусан, куч тузилмалари билан алоқалари борасида кўплаб саволлар очиқ қолмоқда.

XS
SM
MD
LG